Жамият | 10:20 / 27.05.2018
14583
2 дақиқада ўқилади

Илҳом Алиев Қорабоғ ихтилофи бир шарт бажарилсагина ҳал бўлиши мумкинлигини айтди

Фото: РИА Новости / Алексей Никольский

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Озарбойжон дипломатия академияси битирувчилари олдидаги нутқида Қорабоғ ихтилофи Озарбойжоннинг ҳудудий яхлитлги доирасидагина ўз ечимини топиши мумкинлигини айтди.

Қорабоғдаги ихтилоф 1988 йилда Тоғли-Қорабоғ мухтор вилояти Озарбойжон ССР таркибидан чиқишини эълон қилгандан кейин бошланган. Озарбойжон кейин юз берган ҳарбий можародан сўнг Тоғли Қорабоғ устидан назоратни бой берган. 

1992 йилдан бери ушбу ихтилофни тинч йўл билан ҳал қилиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Озарбойжон ўз ҳудудий яхлитлиги сақланиб қолишини талаб қилмоқда, Арманистон эса тан олинмаган Тоғли-Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

“Бизнинг ташқи сиёсатимиздаги бош масала Тоғли-Қорабоғ ихтилофини ҳал қилиш ҳисобланади. Биз бу масалада қатъий позициямиздан воз кечмаймиз ва буни келгусида ҳам қилмаймиз. Халқаро ҳамжамият Тоғли-Қорабоғни Озарбойжоннинг ажралмас қисми сифатида тан олади ва БМТнинг бу борада 4 та резолюцияси ҳам бор, бу эса ихтилофни ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосини яратади”, деб айтган Алиев.

“Озарбойжоннинг ҳалқаро ҳамжамият томонидан тан олинган ҳудудий яхлитлиги тикланиши лозим. БМТ Хавфсизлик кенгашининг резолюцияси зудлик билан бажарилиши керак”, деб айтган Алиев.

Шу билан бирга Алиев бугунги кунда ҳалқаро ҳуқуқ “ишламаётганидан” шикоят қилди. “Биз бу масала бўйича қатъий сиёсатимизни давом эттирамиз. Биз бугунги дунёда халқаро ҳуқуқ ишламаётганини яхши биламиз. Охирги вақт эса умуман ишламаяпти. Бу ҳақиқатдир. Биз реал дунёда яшаймиз ва ўз сиёсатимизни вужудга келган воқеликлардан келиб чиқиб қуришимиз лозим. Шу сабабли биз ихтилоф барҳам топишини яқинлаштириш учун иқтисодиётимиз, армиямиз, бошқа соҳаларни мустаҳкамлашимиз керак”, деб айтган Алиев.

Мавзуга оид