Қорақалпоғистон ва Хоразмга учган туз «Орол» денгизида пайдо бўлган
Жорий йилнинг 27-28 май кунлари Ўзбекистоннинг шимол-ғарбий ҳудудларида Россиянинг Европа томонларидан кириб келган совуқ ҳаво оқими қатор ноқулайликларни пайдо қилди.
Ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши ва айрим ҳудудларга совуқ ҳаво оқимининг кириб келиши Ўзбекистон Республикасининг шимол-ғарбий томонларида кучли шамолни келтириб чиқарди.
Ўзгидрометеорология хизматининг Kun.uz'га маълум қилишича, шамол тезлиги 17-22 м/с, айрим ҳудудларда сониясига 27 метргача кучайди.
Шулардан, ўтган икки кун давомида энг ноқулай об-ҳаво шароити Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида аниқланди. Ушбу ҳудудларда 25 апрелдан буён кузатилган ёғингарчиликсиз кунлар кетидан кучли шамолнинг пайдо бўлиши, шимолдан қум ва чангни (айрим жойларда туз чанглари) олиб келди.
Ўзгидрометеорология хизматининг таъкидлашича, Хоразм вилоятида кузатилган шамол бўрони билан учиб келган туз чанглари «Орол денгизининг қуриб қолган қисмидаги кучли шўрланган ерда» пайдо бўлган.
ЎзА тарқатган маълумотга кўра, Нукус шаҳридаги кузатиш майдонида ҳаводаги чангнинг миқдори 0,50 ПДКни ташкил қилиб, бу меъёрдан 3 карра кўп эканлигини кўрсатади. Бу каби ҳолат Қорақалпоғистондан ташқари, Хоразм вилоятида ҳам кузатилган.
Шунингдек, ушбу туз-қум бўрони қўшни Туркманистон Республикаси Дашўғуз вилоятида ҳам кузатилган. Маҳаллий матбуотнинг таъкидлашича, туз-қум бўрони «Орол» томондан келди.
Ушбу туз-қум бўронининг одамлар саломатлигига таъсири ёхуд қишлоқ хўжалиги ҳамда атроф-муҳитга етказган зарари ҳақида расмий маълумот берилмаган.
Мавзуга оид
12:07 / 09.11.2024
Хоразмда мевага кира бошлаган интенсив боғ бузиб ташланди
10:50 / 28.10.2024
Хоразмда айрим лойиҳалар учун Полша технология ва инвестициялари жалб қилинади
16:26 / 16.10.2024
Хоразмда яна рейдерлик. Шоликорлар ҳосилини тортиб олиш оммавий тус олганми?
18:40 / 18.09.2024