Жаҳон | 22:49 / 28.05.2018
4136
2 дақиқада ўқилади

Покистонлик генерал ҳиндистонлик ҳамкасби билан китоб ёзгани учун тергов остига тушди 

Фото:AP Photo / Anjum Naveed

Покистон ҳукумати мамлакат миллий разведкасининг собиқ раҳбари, ҳиндистонлик ҳамкасби билан ҳаммуаллифликда жосуслик ҳақида китоб ёзган генерал-лейтенант Асад Дурранийнинг фаолиятини тергов қилмоқда. 

Дурраний аввал Покистон разведка бошқармаси директори лавозимини эгаллаган. У Spy Chronicles (Жосуслик йилномалари) деб номланган китобни Ҳиндистон разведкасининг таҳлилий департаменти раҳбари А.С.Дулат билан бирга ёзган.

“Истеъфодаги генерал Асад Дурраний армия бош штабига китоб бўйича ўз позициясини тушунтириш учун чақиртирилди. Тергов комиссиясига бу вазиятнинг барча тафсилотларини текшириш буюрилган”, деб ёзган твиттерда Покистон қуролли кучлари матбуот хизмати раҳбари, генерал-майор Асиф Ғофур. Унинг маълум қилишича, генерални мамлакатдан чиқиш тақиқланган кишилар рўйхатига киритиш бўйича чора кўрилган.

Geo TV телеканалининг маълум қилишича, Покистоннинг собиқ бош вазири Навоз Шариф китоб чоп этилиши билан боғлиқ тарзда ўтган ҳафтада миллий хавфсизлик қўмитаси учрашуви ўтказилишини талаб қилган. Шариф ва бошқа сиёсатчилар Дурраний “Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги муносабатлар энг қуйи нуқтада бўлган бир пайтда” ҳиндистонлик разведкачи билан ҳамкорлик қилганидан норозилик билдиришган.

Мавзуга оид