Жаҳон | 00:24 / 29.05.2018
2278
3 дақиқада ўқилади

Бразилия молия вазирлиги: Иш ташлаган юк машинаси ҳайдовчилари билан келишув 2 млрд долларга тушади

Бразилия ҳукумати билан иш ташлаш акцияси уюштирган юк машиналари ҳайдовчилари билан келишув шартларини бажариш ҳукуматга 9,5 миллиард реал (2,6 млрд доллар) га тушади. ТАСС Жанубий Американинг энг йирик мамлакати молия вазири Эдуарду Гуардиа томонидан келтирилган рақамлар ҳақида ёзмоқда.

«Бу чоралар анча қимматга тушади: бизнинг ҳисоб-китобларимизга кўра шу лаҳзадан бошлаб йил сўнгига қадар 9,5 млрд реал зарур бўлади. Бу маълум бир қурбонликларга рози бўлиб, федерал бюджет билан ишлаш доирасида етарли саъй-ҳаракат қилиш лозимлигини билдиради. Бу мамлакатни одатдаги ҳаётга қайтарувчи жуда масъулиятли қарор», — деган вазир Globo телеканалига берган интервьюси чоғида.

Идора раҳбари пайдо бўлган йўқотишлар ўрнини тўлдириш учун ҳукумат солиқларни ошириш мумкинлигини ҳам истисно этмаган. Федерал бюджетга тўхталадиган бўлсак, унинг харажатларини камида 3,8 млрд реал (1 млрд доллардан сал кўпроқ) га қисқартиришга тўғри келади, деган Гуардиа.

Бразилияда узоқ масофаларга юк ташувчи автомобилчиларнинг иш ташлаши ўтган душанба куни, Petrobras давлат нефть ва газ компанияси дизель ёқилғисига тарифларнинг навбатдаги оширишидан сўнг бошланиб кетган эди. Бутун мамлакат бўйлаб давом этган акцияларда миллиондан ортиқ киши иштирок этган улар йўлларнинг минглаб участкаларини ёпиб қўйишган. Норозилик намойишлари энг оддий маҳсулотларнинг етишмовчилигини келтириб чиқарган: Бразилиянинг кўплаб шаҳарлари бир неча кундан буён бензин, дизель ёқилғиси, айрим озиқ-овқат маҳсулотлари танқислиги кузатилмоқда. Мамлакат президенти Мишел Темер армий ва Миллий гвардияни йўл ҳаракатини нормаллаштиришга жалб қилган, бироқ юк ташувчи ҳайдовчиларнинг ишга қайтишни рад этишлари вазиятни тўлиқ барқарорлаштиришга йўл бермади.

Натижада, якшанба куни кечқурун давлат раҳбари намойишчиларнинг талаби бажарилишини эълон қилди. Дизель ёқилғисининг нархи туширилган ва яқин 60 кун учун янги даражада сақланиб туриши белгилаб қўйилган. Ҳукумат келгусида тарифларни ҳозиргидек ҳар куни эмас, ҳар 30 кунда қайта кўриб чиқишни ваъда қилган.

Касаба уюшмалари етакчилари бу қарорни олқишлашган, лекин душанба куни ҳам иш ташлаганларнинг айрим қисми ишга қайтмаган. Кўплаб шаҳарларда ҳамон мактаблар ёпилган, жамоат транспорти ишламаяпти, АЁҚШларда ҳануз бензин ва дизель ёқилғиси йўқ.Узоқ масофага юк ташувчилар билан келишув қиймати ҳисоб-китоб қилингач, Сан-Паулудаги Bovespa Бразилия фонд биржасининг индекси 4 фоизга қулаган. Бразилия реалига нисбатан АҚШ долларининг курси эса 1,1 фоизга мустаҳкамланган.

Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид