Жаҳон | 00:36 / 29.05.2018
14954
2 дақиқада ўқилади

Франция президенти юқори қаватдан қулаётган болакайни қутқарган муҳожирга фуқаролик ваъда қилди

Фото: twitter / Эммануэль Макрон

Франция давлат раҳбари Эммануэль Макрон Елисей саройида куни кеча юқори қаватдан қулаш хавфида бўлган болани қутқарган 22 ёшли малилик Маҳмуд Ҳассам билан учрашди. Президент муҳожирни жасорат медали билан мукофотлади ва фуқаролик билан боғлиқ масалани ҳал қилишга ваъда берди, шу билан бирга, унга доимий асосда қутқарувчи бўлиб ишга жойлашиш таклифини берди.

Йигит президентнинг таклифига қандай жавоб бергани ҳозирча номаълум.

26 май куни кечқурун малилик йигит тўртинчи қават балконидан кичик боланинг осилиб қолганини кўрган ва уни қутқариш учун ҳеч қандай ҳимоясиз юқорига кўтарилган. Гувоҳлар воқеани видеога олишган, матбуотда мигрантга "ҳақиқий ўргимчак-одам" дея таъриф беришди.

BFMTV радиостанциясига берган интервьюсида Маҳмуд ҳеч нимани ўйлашга вақти бўлмагани, "шунчаки болани қутқаргани"ни айтган. Болакайнинг отаси уни хавф остига қўйгани учун қўлга олинган, онаси эса воқеа содир бўлган вақтда шаҳарда бўлмаган. 

Париж мэри Ҳассамга телефон орқали шахсан миннатдорчилик билдирган ва маъмурият унинг Францияда яшаш истагини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид