Жамият | 23:25 / 30.05.2018
12870
3 дақиқада ўқилади

Фарғона вилоят суди инсонпарварлик принципига содиқ қолди

Фото: Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди

Жиноят содир этган шахсга инсонпарварлик принципи асосида имконият берилди. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 7-моддасида, жазо ва бошқа ҳуқуқий таъсир чоралари жисмоний азоб бериш ёки инсон қадр-қимматини камситиш мақсадини кўзламаслиги, жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишнинг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо тайинланиши ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклиги белгиланган.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг апелляция судида, қонуннинг ушбу принципи асосида жиноят иши кўрилиб, 30 ёшли йигит суд залидан қамоқдан озод қилиниб, унга бошқа жазо тури тайинланди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг Kun.uz'га маълум қилишича, Қўқон шаҳрида яшовчи Р. Л. 2018 йил 30 январь куни кечки вақтда Қўқон шаҳридаги «Файз» номли ошхонасида танишлари билан овқатланиб ўтириб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини бузиб, фуқаро И.А.ни қасддан уриб, унга оғир шикаст етказганди.

Р.Л.нинг ҳаракатларига жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар суди томонидан қонуний баҳо берилиб, 2018 йил 19 апрелдаги ҳукм билан озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлган жазо тайинланган.

Фото: Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди

«​2018 йил 29 май куни жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят судининг апелляция судлов ҳайъатининг очиқ суд мажлисида Р.Л.га оид жиноят иши ўзи ва ҳимоячисининг апелляция шикояти асосида кўриб чиқилгач, унинг жиноят содир этишдаги роли ва қилмишидан пушаймонлиги, жабрланувчи билан ярашиб олганлиги ва жабрланувчининг даъвоси йўқлиги, қарамоғида 2 нафар вояга етмаган фарзанди борлиги, оилада ягона оила боқувчи эканлиги, муқаддам судланмаганлиги ва яшаш жойидан ижобий тавсифланганлиги, яшаш манзилгоҳи Қўқон шаҳар, «64-Саодат» маҳалла фуқаролар йиғини раиси М.Алимжановнинг келгусида Р.Л.нинг ҳаракатлари жамоатчилик назоратига олиниши ва бошқа жиноят содир этмаслиги юзасидан кафиллик хати ҳамда илтимосномалари инобатга олинган ҳолда, унга ЖКнинг 57-моддаси қўлланиб, содир этилган жиноят учун шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазо, яъни ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланиб, суд залидан қамоқдан озод қилинди»​, дейилади хабарда.

Мавзуга оид