Ўзбекистон | 17:02 / 30.05.2018
6468
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарё вилоят ҳокими кореялик ишбилармонлар билан турли соҳаларда музокара ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг 2018 йил 18 майдаги 01-04/1078-сонли топшириғига мувофиқ, Қашқадарё вилоят ҳокими бошчилигидаги делегация жорий йилнинг 27 май – 31 май кунлари Жанубий Корея ҳамда 1–3 июнь кунлари Туркия Республикасига хизмат сафарига бориши белгиланган эди.

Ташриф доирасида жорий йилнинг 28 – 29 май кунлари Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев бошчилигидаги 14 нафардан иборат қашқадарёлик ишбилармонлар делегацияси Жанубий Кореянинг нуфузли компаниялар вакиллари билан самарали музокаралар ўтказишди. Бу ҳақда вилоят ҳокимияти матбуот хизмати KUN.UZ’га хабар бермоқда.

Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистоннинг Корея Республикасидаги элчихонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган бизнес форум ҳамда учрашувларда Жанубий Кореяда фаолият олиб бораётган нуфузли компаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Мазкур музокаралардан кўзланган асосий мақсад қурилиш материаллари, косметика, чиқиндини қайта ишлаш, канцелярия воситалари, иссиқхона плёнкалари ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи компаниялар билан тегишли лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда мевани қайта ишлашни ташкил этиш бўйича келишувларга эришишдан иборат.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимияти матбуот хизмати

Ташриф доирасида, Кореядаги Sungshin Cement Co., Ltd компанияси президенти жаноб Ким Санг Кю билан вилоятда йиллик қуввати 1,2 млн. тонна цемент ишлаб чикаришга мўлжалланган корхона ташкил этиш бўйича меморандум имзоланди.

Фото: Қашқадарё вилоят ҳокимияти матбуот хизмати

Шу билан бирга, вилоят ҳокими ва  Жаубий Кореядаги Инчхон шаҳрининг мэри жаноб Мюнг Гук Ха билан ўтган самарали музокарада, Қарши шаҳри билан “Шайхали” қўрғончасини ижтимой-иқтисодий ривожлантириш, шу жумладан, саноат, қишлоқ хўжалиги соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзоланди.

Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид