Жамият | 23:11 / 30.05.2018
13473
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳрида​ги маҳаллаларни обод қилиш бошланди 

Тошкент шаҳрида «Намунавий маҳалла» лойиҳаларига киритилган «Обод маҳалла» дастурини амалга ошириш қизғин тус олмоқда. Хусусан, Чилонзор тумани Дўмбиробод даҳаси «Тирсакота» маҳалласи ҳамда Чилозор 19-мавзе Хирмонтепа маҳаллаларида бу борада сезиларли амалий ишлар олиб борилмоқда, деб хабар беради шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Маълум қилинишича, айни маҳаллалардаги 3054 та хонадонларнинг ташқи кўриниши, биноларнинг йўлаклари, фасадлари замон талаблари даражасига олиб чиқиш, уйларни таъмирлаш ва ирригация тизимини яхшилаш ишлари бошлаб юборилган.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 29 мартдаги «Обод қишлоқ» дастурини 2018 йилда амалга ошириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида»​ги 3630-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида, бугунги кунда Тошкент шаҳар миқёсида 11 туманнинг ҳар бирида «Намунавий маҳалла» лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

«Дастур бўйича мавжуд иншоотларнинг атрофини ободонлаштириш, деярли ҳар бир кўча атрофидаги дарахтлар шаҳар инфратузилмасига мослаштирилмоқда», дейилади хабарда.

Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, ичимлик суви, электр таъминоти каби муҳим соҳалар йиллар давомида қаровсиз ҳолга келиб қолганди. Айни чоғда, улар замонавий жиҳозлар билан таъмирланмоқда.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати

Маҳаллаларни ободонлаштириш ишларини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев шахсан назорат қилиб, хашарчиларга кўмак бермоқда.

Мавзуга оид