Ўзбекистон | 23:55 / 30.05.2018
8640
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда истиқболли кадрларини танлаб олиш учун «Тараққиёт» республика танлови ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Истиқболли бошқарув кадрларини танлов асосида танлаб олишнинг замонавий тизимини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Қарор матнига кўра, истиқболли бошқарув кадрларининг тизимли асосда танлаб олинишини таъминлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ва «Буюк келажак» халқаро нодавлат нотижорат ташкилотининг 3 йилда бир марта истиқболли бошқарув кадрларини танлаб олиш бўйича “Тараққиёт” республика танловини ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланмоқда.

Белгилаб қўйилмоқдаки:

  • танловда таянч олий маълумотга ва тегишли соҳада раҳбарлик лавозимида камида уч йил иш тажрибасига эга, 30 ёшдан 45 ёшгача бўлган (45 ёш ҳам қўшилган ҳолда) Ўзбекистон Республикаси фуқаролари иштирок этиши мумкин;
  • Республика комиссияси танловни ўтказиш билан боғлиқ тадбирларга вазирлик ва идоралар, бошқа давлат ташкилотлари вакилларини, шунингдек, етакчи олим ва мутахассисларни, жумладан, хорижий олим ва мутахассисларни жалб этиш ҳуқуқига эга;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси Республика комиссиясининг ишчи органи ҳисобланади;
  • танловнинг холисона ва шаффоф ўтказилиши, шунингдек, номзодларнинг сифатли ва холисона танлаб олиниши, қўйиладиган талабларга уларнинг мувофиқлиги учун жавобгарлик Республика комиссияси зиммасига юкланади.

Танлов ғолибларига энг кам иш ҳақининг 50 баравари миқдорида, финал босқичининг қолган иштирокчиларига эса – энг кам иш ҳақининг 25 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти тўланади. Бунда танлов финал босқичининг қолган иштирокчилари тегишли соҳанинг бошқарув кадрлари захирасига киритилади;

Танлов ғолиблари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази базасида тегишли соҳага оид вазирликлар, идоралар, йирик компаниялар раҳбарлари, маҳаллий ва хорижий юқори малакали мутахассислар ҳамда олимлар иштирокида ўтказиладиган, ривожланган хорижий мамлакатларнинг соҳага оид ташкилотларида танловнинг тегишли номинациялари юзасидан стажировка ўташни ўз ичига оладиган «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларда ўқийдилар;

Танлов ғолиблари «Бошқарув кадрларини тайёрлаш бўйича Президент дастури»га мувофиқ уч ойлик курсларни ўтагандан кейин тегишли йўналишлар бўйича давлат ташкилотларида раҳбарлик лавозимларига тайинланади;

Танлов ғолибларини тегишли раҳбарлик лавозимларига тайинлаш юзасидан чора-тадбирларни кўриш, шунингдек, бошқарув кадрлари захирасига киритилган финал босқичи иштирокчиларининг фаолиятини кейинчалик уларни хизмат бўйича кўтариш ёки раҳбарлик лавозимларига тайинлаш учун мониторинг қилиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Президенти девонининг умумий мувофиқлаштируви остида амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси билан биргаликда икки ой муддатда:

  • талабгорларни рўйхатдан ўтказиш, иштирокчиларнинг сўровномаларини кўриб чиқиш, тест ва бошқа танлов синовларини ўтказиш, шунингдек, уларнинг натижаларини тақдим этиш имкониятларига эга бўлган танловнинг махсус веб-порталини яратишни;
  • ахборот тизимлари, ресурслари, маълумотлар базалари, дастурий маҳсулотларни ишлаб чиқиш, шунингдек, Республика комиссияси ишчи органини танловни ташкил этиш ва ўтказиш учун зарур аппарат-дастурий комплекслар билан жиҳозлашни таъминлайди.
Шуҳрат Шокиржонов
Тайёрлаган Шуҳрат Шокиржонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид