Ҳуқуқий саводхонлик... ҳуқуқий онг... ҳуқуқий маданият... қонун устувор жамият... Нега бу тушунчалар яна кун тартибига чиқди? Ундан ҳам аввалроқ аниқлаб олишимиз лозим бўлгани: бу тушунчалар нимани англатади?
Чуқур назарий изоҳларни чеккага суриб, оддий мисол орқали тушунтиришга уриниб кўраман.
Сиз маълум бир манзилга бормоқчисиз, аммо қандай боришни билмайсиз. Биладиганлардан сўрайсиз, маълумот берадилар. Бу шунчаки маълумот олиш босқичи, аммо ҳали билим эмас – ҳуқуқий маълумот.
Маълумотингиз билимга айланиши учун сиз ўша маълумот асосида манзилни топиб боришингиз керак. Бир марта борсангиз, кейин эсдан чиқармайсиз ва доим топиб кела оласиз – ҳуқуқий билим, саводхонлик.
Сўнг сиз манзилга боришнинг қулайроқ усулларини излай бошлайсиз, харитани оласиз, таҳлил қиласиз, йўналишларни ўрганасиз. Мана бу йўлдан юриш мумкин эмас, тақиқланган,буниси очиқ экан, шу йўлдан борсам, яқинроғ-у, аммо йўл ҳаракати қоидаларини бузар эканман дейсиз. Бузсангиз, қандай жавобгарликка дучор бўлишингизни ҳам биласиз ва жавобгарликни ҳис қилиб, қинғир йўлни танламайсиз. Яъни сиз билимдан онгли равишда фойдалана бошлайсиз – бу ҳуқуқий онг.
Фақат жавобгарликдан қўрқиб эмас, тақиқланган йўлдан юриш ёмонлигини тушуниб ўша йўлдан юрмаслигингиз, қоидалар сизнинг ва омманинг фойдасига ишлашини англаб, уларни ҳурмат қилишингиз,қонунларни ҳурмат қилганингиз туфайли уларни бузмаслигингиз – ҳуқуқий маданиятдир.
Ҳуқуқий маданият бўлмаса, биз фақат қонунларни ўргатиш ёки жавобгарлик билан қўрқитиш орқали ҳуқуқий нигилизмга барҳам бера олмаймиз, қонун устуворлигига эриша олмаймиз, демак, тараққий эта олмаймиз.
Шу сабабли ҳам юксак ҳуқуқий маданият миллий ғоя даражасига кўтариляпти.
Куни кеча қабул қилинган президент фармонининг мазмуни, мақсади ва аҳамияти ана шунда аслида.
Биз собиқ бош прокурорлари қонунни бузгани учун судланаётган, хавфсизлик генераллари золимлиги учун 16 йилга қамалган, ички ишлар ходимлари аёлларни ечинтирган жамиятда яшаяпмиз.
Ҳайдовчилари йўл қоидаларига фақат камерадан қўрқиб риоя қиладиган, фуқаролари пул бермасанг ҳеч қаерда ишинг битмайди деб ишонадиган (афсуски, асоссиз эмас), қонунлар турганда қасам билан ҳалол ишлаш мумкин деб ўйлайдиган жамиятга айландик. Аслида қасамни бузмаслик учун ҳам ҳуқуқий онг ва маданият бўлиши керак.
Биз ўз ҳуқуқий маданиятимиз даражасини танқидий баҳолаб, муаммоларимиз сабаби аслида шу ерда эканини англашимиз керак.
















