Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исломда қандай сифатлар энг яхши ҳисобланади?
Мўмин-мусулмон бўлиш улуғ қисмат. Яхши мўмин-мусулмон бўлиш эса энг олий бахт. Бундай мукофотга эришиш учун нима қилиш керак? Пайғамбаримиз (с.а.в) бу ҳақда ўз умматига зарур кўрсатма ва насиҳатларини бериб кетганлар.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир қанча одамлар Аллоҳнинг Расулидан (с.а.в) сўрадилар: «Кимнинг Исломи энг яхшидир? (яъни, ким жуда яхши мусулмон ҳисобланади?)». Улар жавобан: «У қўли ва тили билан бошқа мусулмонларга зарар етказмайдиган одам», дедилар.
Шарҳ: Бундан кўриниб турибди-ки, мусулмонларнинг орасидан энг яхшиси бировга жисмоний зарар етказмайдиган, тили билан, яъни туҳмат, ғийбат, чақимчилик қилиб бировнинг қалбини оғритмайдиганларидир.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Бир одам Пайғамбаримиздан (с.а.в) сўради: «Исломда қандай амаллар (ёки сифатлар) яхши ҳисобланади?» Пайғамбаримиз (с.а.в): «Мискин (камбағал) одамларни овқатлантириш, ва таниган-танимаган одамларга салом беришдир», дедилар.
Шарҳ: Пайғамбаримиз (с.а.в) Исломдаги яхши амаллар ҳақида сабоқ берар эканлар, камбағал одамга таом олиб беришни айтдилар. Ҳақиқатан ҳам ҳатто таом олиб ейишга имкони бўлмаган кишиларга бундай кўмак кўрсатилиши жуда катта яхшилик қилишдир. Чунки бир инсоннинг қорни тўяди, кўнгли кўтарилади. Иккинчи амал сифатида Расули акрам (с.а.в) одамларга салом беришни айтдилар. Айримлар фақат таниган кишиларгагина салом беради ёки гапларини саломсиз бошлашади. Бу мусулмоннинг сифати эмаслиги аён бўлмоқда.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Расулуллоҳ (с.а.в): «Сизлардан ҳеч бирингиз ўзи учун ёқтирган нарсани (мусулмон) биродарига раво кўрмагунича иймонга эга бўлмайди», дедилар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Бир куни мен бир аёл билан ўтирган пайтимда Пайғамбаримиз (с.а.в) келдилар ва сўрадилар: «Бу аёл ким?». Мен жавобан: «Бу фалончи (ҳаддан) ташқари кўп ибодат қиладиган аёл», дедим. Улар бу нарсани маъқулламаган ҳолда: «Қурбингиз ва кучингиз етадиган ҳолатда яхши амалларни қилинг, чунки Аллоҳ (одамларни мукофотлашда) чарчамайди, лекин сизлар, албатта, чарчаб қоласизлар. Ва Аллоҳ наздида энг яхши амал бу мунтазам равишда қилинадиган амалдир», дедилар.
Шарҳ: Мусулмон киши бир яхши амални ўз ҳаётига татбиқ этса, уни мунтазам ва мукаммал давом эттириши учун қурби ва кучи етганча бажариши керак. Меъёрдан ортиқ қилинган амал чарчоққа, чарчоқ эса амални тўхтаб қолишига сабаб бўлади. Юқоридаги воқеада Пайғамбаримиз (с.а.в) ана шундай насиҳат бермоқдалар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: «Агар қай бирингиз ўз динига мукаммал амал қилса, унинг яхши амаллари ўнтадан то етти юз маротабагача кўпайтириб мукофотланади, ва ҳар бир ёмон (гуноҳ) амал эса шундайлигича ёзиб қўйилади».
Шарҳ: Динга амал қилиш мукаммал, шариат кўрсатганидек, қалбан қилинадиган бўлса, Аллоҳ таоло бунинг мукофоти тариқасида бандасининг бир яхши амалига ўнтадан етти юз маротабагача савоб ёзади. Агар ўша банда бир гуноҳ иш қилиб қўйса, ўша гуноҳнинг ўзи ёзилади, камайтирилмайди ҳам, кўпайтирилмайди ҳам.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитанинг хулосаси асосида тайёрланди.
Мавзуга оид
22:39 / 11.06.2019
Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг ҳам айбларини яширади
18:51 / 10.06.2019
Мусулмон ўз биродарига зулм қилмайди, уни хорламайди ва ёлғон сўзламайди
19:11 / 08.06.2019
“Кун ҳадиси”: “Қайси бирингиз бир ёмонликни кўрса, уни қўли билан тузатсин...”
18:54 / 06.06.2019