Ўзбекистон | 09:24 / 02.06.2018
13068
2 дақиқада ўқилади

Формали кийим савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби белгиланди

Фото: Militaristwear

Вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ҳарбий хизматчилари ҳамда ходимларининг формали кийим-боши савдоси бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисида ҳукумат қарори қабул қилинди. Бу ҳақда “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар берган.

Қабул қилинган қарорга мувофиқ формали кийим-боши савдоси бўйича фаолият туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан лицензияланади.

Формали кийим-бош савдоси бўйича фаолият Мудофаа вазирлигининг ҳарбий савдо тармоқларининг ихтисослаштирилган савдо корхоналари томонидан ва тегишли лицензия ва сертификатга эга тадбиркорлик фаолиятининг бошқа субъектлари томонидан амалга оширилади.

Формали кийим бош савдоси бўйича фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи учун лицензия амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Лицензия олиш учун талабгор ҳужжатларни лицензияловчи органга бевосита, почта алоқа воситалари орқали ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тақдим қилинади.

Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор талабгор аризаси олингандан сўнг ўн икки кундан ошмайдиган муддатда, унинг тақдим қилинган шаклидан қатъи назар, зарур маълумотлар кўрсатилган ҳолда берилади.

Лицензия бериш учун давлат божи лицензия берилган кундаги энг кам иш ҳақига каррали миқдорида:

• юридик шахслар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг икки баробари миқдорида;
•  якка тартибдаги тадбиркорлар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида тўланади.

Мавзуга оид