Жаҳон | 19:16 / 07.06.2018
6621
2 дақиқада ўқилади

Хитой-Қирғизистон газ қувури қурилиши ишлари 2019 йилда бошланади

Хитой-Қирғизистон газ қувури қурилиши ишлари 2019 йилда бошланади. Бу ҳақда журналистларга Қирғизистон саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси раҳбари Улан Рисқулов маълум қилган.

Аввалига ушбу қувур қурилиши ишлари 2016 йилда бошланиши режалаштирилганди.

Маълум қилинишича, қувур қуриш бўйича келишувга ўзгартириш киритилган.

«Биз унинг фойдаланиш муддатини узайтирдик. Аввал бу 35 йилга эди. Энди 41 йил», — дея қайд этган Рисқулов.

У Хитой томони қурилиш ишларини 2013 йили бошлаши керак бўлгани, аммо объектив сабабларга кўра қурилиш ишларини бошлаш ишлари кечикиб келаётганини айтиб ўтган.

«Энди ишлар 2019 йилда бошланади. Биз учун бу жуда муҳим. Қурилиш ишлари жараёнида 800та янги ишчи ўрни яратилади. Кейин эса 200га яқин киши доимий иш ўрнига эга бўлади», — дея қўшимча қилган Улан Рисқулов.

Ушбу лойиҳа қиймати 1,2 млрд долларни ташкил этади. Лойиҳа Туркманистон газини Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон орқали Хитойга сотишни режалаштирган.

Газ қувурининг Қирғизистондаги узунлиги 215 километрни ташкил этади. Қирғиз-хитой газ қувури Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги «Карамык» бекатидан бошланиб, Қирғизистон чегарасидаги Эркечтам бекатида тугайди.

Мавзуга оид