Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Намоз ва рўзанинг савоби яхшилик қилишда яширин
Яхшилик – киши хулқининг зийнатидир. Бундан ташқари, яхшилик қилиш орқали инсон ўз ҳаётини ҳам саодатга тўлдиради, чунки яхши инсон ҳар ерда улуғ мартабаларга эришиб келган.
Жарир ибн Абдуллоҳдан (р.а) ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким бошқаларга раҳм-шафқатли бўлмаса, унга ҳам раҳм-шафқат қилинмайди (яъни, Аллоҳ у одамга раҳм қилмайди)” дедилар.
Шарҳ: “Қайтар дунё”, деган ҳикмат бор-ки, бундан инсон боласи қочиб қутула олмайди. Юқоридаги ҳадис мазмуни ҳам ана шундан дарак бериб турибди. Ким раҳм-шафқатли бўлса, унга ҳам раҳм-шафқат қайтади.
Сафвон ибн Салим розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в): “Кимки бева қолган ва ночор одамга ёрдам берса (моддий кўмак кўрсатса) у ... кундуз кунлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқийдиган одамдек (савобга эга бўлади)” дедилар.
Шарҳ: Ночор одамларга ёрдам қилишликнинг савоби улуғлиги, унинг ажри кундуз кунлари рўза тутиб, кечалари намоз ўқийдиган кишиники сингари бўлишлигини Пайғамбаримиз (с.а.в) айтиб ўтмоқдалар.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Жаброил (алайҳиссалом) менга қўшниларга яхши муносабатда ва хушмуомалада бўлишликни шунчалик кўп буюрдиларки, мен ҳатто уларни менга меросхўр қилишликни буюрсалар керак, деб ўйладим”
Шарҳ: Шу ўринда қўшниларга ҳам яхшилик қилиш буюрилмоқда. Қўшнилар ҳақи шу қадар юқорики, юқоридаги ҳадисдаги воқеа ҳам бунга яққол мисол бўла олади. Бундан келиб чиқадики, кимки қўшниларини норози қилса, уларнинг кўнглини оғритса гуноҳкор бўлиб қолади.
Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
Мен дедим: “Ё Аллоҳнинг Расули! Менинг икки қўшним бор. Мен қайси бирига совғамни ҳадя қилсам?”. Пайғамбаримиз (с.а.в): “Сизга эшиги яқин бўлган қўшнингизга”, деб жавоб бердилар.
Шарҳ: Қўшниларга яхшилик қилишда ҳам энг яқин (ён) қўшнилардан бошлаш бизнинг муқаддас динимизда тавсия қилинган. Ўзбек халқининг “ён қўшнинг, жон қўшнинг”, деган мақоли ҳам бежиз айтилмагани маълум бўлади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Бир одам йўлда кетаётиб, жуда чанқаб кетибди. У одамнинг йўлидан қудуқ чиқибди ва у қудуққа тушиб, ундан сув ичибди. Қудуқдан қайтиб чиқиб қараса, бир кучук қаттиқ чанқоқликдан ҳолидан кетай деб лойни ялаётган экан (чанқоғини босиш учун). Ҳалиги одам ўзига ўзи: “Бу кучук ҳам мен тушган чанқоқлик ҳолига тушиб, азоб чекаяпти”, дебди ва яна қудуққа тушиб, ўз оёқ кийимига сув тўлдириб, уни оғзида тишлаб олиб чиқиб, ҳалиги кучукка берибди. Шу қилган иши учун, Аллоҳ унга раҳмат айтибди ва уни гуноҳларини кечиб юборибди”. Буни эшитаётган одамлар сўрашди: “Ё Расулуллоҳ! Ҳайвонларга эътибор қаратганимизда (хизмат қилганимизда) савоб борми?”. Улар (с.а.в): “Ҳа, ҳар қандай тирик жонзотга хизмат қилганда, савоб бордур” дедилар.
Шарҳ: Яхшилик қилиш фақат инсон боласига бўлмаслиги керак, балки Аллоҳ томонидан яратилган барча жонзотлар, ўсимликлар олами бўладими, барча-барчасига яхшилик қилиш, уларга озор бермаслик лозим. Мўмин-мусулмон киши ҳамма ерда ўзини мана шундай хушфеъл тутиши керак бўлади.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
Пайғамбаримиз (с.а.в) дедилар: “Агар бирор бир мусулмон одам бир кўчат экса, ва ундан одам ёки ҳайвонлар истеъмол қилса, у одам шу (ейилган) нарсани садақа қилгандек савобга эга бўлади”.
Мавзуга оид
22:39 / 11.06.2019
Ким бир мусулмоннинг айбини яширса, Аллоҳ унинг ҳам айбларини яширади
18:51 / 10.06.2019
Мусулмон ўз биродарига зулм қилмайди, уни хорламайди ва ёлғон сўзламайди
19:11 / 08.06.2019
“Кун ҳадиси”: “Қайси бирингиз бир ёмонликни кўрса, уни қўли билан тузатсин...”
18:54 / 06.06.2019