Ўзбекистон | 20:45 / 08.06.2018
17977
4 дақиқада ўқилади

Сўздан амалий қадамлар сари: Оролдаги экологик талофат бўйича аниқ лойиҳалар амалга оширилади

Яқин келажакда Оролдаги экологик талофатни юмшатишга қаратилган аниқ тадбирлар ўтказилади. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари Борий Алихонов 8 июнь куни "Орол фожиаси асоратларини юмшатиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион қарорлар ва инвестициялар" мавзуидаги халқаро конференция доирасида KUN.UZ мухбирига шу ҳақида маълум қилди.

Борий Алихонов-Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикер ўринбосари

"Орол бўйидаги экологик, иқтисодий, ижтимоий аҳволни яхшилашга қаратилган янги иш ўринларини ташкил этиш, Орол бўйи аҳолисининг бандлигини таъминлаш, саломатлигига эътибор бериш ва Орол бўйидаги аҳолининг энг асосий муаммоларидан бири бўлмиш инфратузилмани яхшилаш, экологик шароитини яхшилаш, ичимлик суви билан таъминлашга йўналтирилган аниқ лойиҳаларни йўлга қўйиш кўзда тутилмоқда", - дейди Алихонов.

Орол ҳақида кўп гапирилади, бу муаммо ҳақида билмаган одам бўлмаса керак, бироқ Орол талофатларини юмшатишга доир аниқ амалий қадамлар қўйилиши керак бўлган вақтда барча масалаларни қайта кўриб чиқишга тўғри келади. Бу жуда муҳим масала. Сўздан амалий қадамларга ўтиш вақти келди.

Ўтган йили Ўзбекистон президенти томонидан Орол фожиаси асоратларини юмшатиш тўғрисидаги махсус қарор қабул қилинди. Замонамизнинг глобал экологик муаммосини ҳал қилишда халқаро ҳамжамият ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан бугунги конференция якунларига кўра, аниқ вазифалар белгилаб олинади.

"Яқин истиқболда Орол муаммоларини ҳал қилиш бўйича дастурий ҳужжатлар пакетини қабул қилиш ва уларни ечиш кўзда тутилмоқда. Орол бўйи аҳолиси минтақадаги экологик фожиа асоратлари юмшатилаётганини ҳис қилиши керак", - дейди Борий Алихонов.

Таъкидлаш жоизки, қачонлардир Орол дунёнинг катталиги бўйича тўртинчи денгизи ҳисобланган. У хилма-хил балиқларга бой бўлган. Бу ерда йиллик балиқ овлаш ҳажми 35 минг тоннага етган вақтлар бўлган. Денгизда 38 хил балиқ тури яшаган, булардан 20 хили эндемик турдаги балиқлар ҳисобланган.

Маълумотларга кўра, сўнгги 50-55 йилда денгиздаги сув ҳажми 15 баравардан кўпроққа қисқарган. Сув сатҳи 29 метрга пасайган. Қирғоқ линияси юзлаб километрларга чекинган. Денгизнинг қуриган тубида Оролқум чўлига айланган  6 миллион гектарга яқин оқ туз майдонлари пайдо бўлган.

"Атроф-муҳитнинг фожиавий ўзгариши натижасида Орол бўйи флора ҳамда фаунасида катта ўзгаришлар қайд этилди. 11 хил балиқ тури, 26 хил қуш тури ва 11 хил ўсимлик турлари "Қизил китоб" саҳифаларидан жой олди. Орол фожиаси минтақадаги иқлимий шароитларни мураккаблаштириб, ёзги мавсумда - қурғоқчилик ва жазирамани кучайтирган, қишки қаҳратонни эса узайтирган. Орол бўйида Цельсий бўйича 40 даража иссиқдан ортиқни ташкил қилган кунлар икки бараварга ошган", - дея қўшимча қилади у.

Унинг сўзларига кўра, Орол бўйи ҳудудида йилига 100 миллион тоннагача чанг атмосферага кўтарилади ва 400 километрдан ортиққа тарқалади. Ўтган юз йилликнинг 50-йилларидан бошлаб бундай бўронлар йилига 90 кундан ортиқни ташкил қилади. Шу муносабат билан минтақада нафас олиш органлари касалликлари, урологик ва онкологик касалликлар сонининг ошиши таъкидланди.

Экологик вазиятнинг ёмонлашуви минтақа иқтисодий кўрсаткичларининг кескин тушишига олиб келди. Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, Орол фожиасининг салбий омиллар таъсири натижасидаги йиллик иқтисодий зиёни юзлаб миллион долларни ташкил қилади. Юз минглаб кишилар ҳаёти минтақадаги муаммоларнинг ҳал қилинишига боғлиқ. Шу муносабат билан сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳаётий катта аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Тадбирда Ўзбекистон сув-экологик муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиё мамлакатлари билан узвий ҳамкорлик қилишга тайёр экани қайд этилди.

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид