Спорт | 10:17 / 09.06.2018
19124
2 дақиқада ўқилади

Боксчи Фьюри ўзидан 30 кг енгилроқ рақибини қўлларида даст кўтариб олди (видео)

9 июнда Манчестерда ўтадиган профессионал бокс кечаси олдидан боксчилар вазнини ўлчаш маросими бўлиб ўтди. Кечадан ўта оғир вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Тайсон Фьюри ва албаниялик Сафар Сафарий жанги ҳам ўрин олган. Бу жанг Фьюрининг охирги 3 йил ичидаги илк жанги бўлади. Британиялик боксчи шу муносабат билан жангга АҚШ президенти Дональд Трампни ҳам таклиф қилган.

Вазн ўлчаш натижаларига кўра Фьюри рақибидан 30 кг оғирроқ чиққан: у 125,1 кг, Сафарий эса 95,3 кг тош босган. Бундан ташқари, Фьюри рақибидан 20 см баландроқ ҳамдир. 

Вазн ўлчашдан кейин боксчилар анъанавий тарзда “нигоҳлар дуэли”ни уюштиришди. Шунда британиялик боксчи ҳазиллашиб, рақибини қўлларига кўтариб олди ва уларнинг иккови ҳам бундан юзларда табассум билан бир-бирларини қутлаб қўйишди.

Фьюри бундай тадбирларда биринчи марта “томоша кўрсатиши” эмас. Мисол учун, у 2015 йилда Владимир Кличко билан жангга Бэтмен кийимида келганди. 

Британиялик охирги жангини айнан Кличкога қарши ўтказиб, очколарга кўра IBF, IBO, WBO ва WBA версиялари бўйича жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган. 2016 йил кузида боксчининг допинг-намуналари унинг қонида кокаин гиёҳванд моддаси излари борлигини кўрсатган. Шундан кейин боксчининг лицензияси допинг тергови якунлангунча тўхтатиб қўйилган. Маълум қилинишича, айни дамда боксчининг лицензияси тикланган.

Мавзуга оид