Спорт | 11:20 / 16.06.2019
15525
2 дақиқада ўқилади

Тайсон Фьюри рақибини икки раундда мағлуб этди

Бокс бўйича супероғир вазн тоифасида WBO, IBF, WBA ва IBO версиялари бўйича собиқ жаҳон чемпиони, британиялик Тайсон Фьюри германиялик Том Шварцга қарши жангда ғалаба қозонди. Жангнинг иккинчи раундида техник нокаут қайд этилди.

Нокдаун ҳолатидан кейин Шварц ўрнидан кўтарилди, аммо шундан кейин рақибнинг ҳужумларига қаршилик кўрсата олмади ва рефери жангни тўхтатди.

Жанг Лас-Вегасда (АҚШ, Невада штати) ўтказилди. Фьюри фаолиятида 28-марта ғалаба қозонди (20тасида нокаут билан), у бир жангда дуранг қайд этган. Шварц 25-жангида илк марта мағлуб бўлди (16 нокаут).

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг ноябрь ойида Тайсон Фьюри 12 раундлик жангда Владимир Кличкони ҳакамларнинг якдил қарори билан мағлубиятга учратиб, IBF, WBA ва WBO чемпионлик камарларини қўлга киритганди. Маълум муддатдан сўнг, британиялик боксчи мажбурий жанг ўтказишдан бош тортгани учун IBF камаридан маҳрум этилган эди.

Кейинроқ допинг намунасига кокаин моддаси топилганидан сўнг, Фьюри боксчилик лицензияси ва барча чемпионлик камарларидан маҳрум этилганди.

У охирги марта 2018 йилнинг декабрида WBC камари учун америкалик Деонтей Уайлдерга (40-0) қарши рингга чиқиб, ҳакамлар қарорига кўра мағлуб бўлганди (у 9 ва 12-раундларда нокдаун ҳолатига тушган).

Мавзуга оид