“Менга ҳамма нарса мумкин” деб ўйлаган аёл 6,5 йилга озодликдан маҳрум қилинди
KUN.UZ таҳририятига келган мурожаатлардан бири диққатимизни тортди. Бу мурожаат жамиятдаги жирканч иллатлардан бири фоҳишабозлик ва қўшмачилик ҳақида эди.
2018 йил 2 май куни жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судининг очиқ суд мажлисида муқаддам 5 маротаба судланган, қўшмачилик ва фирибгарликни ўзига касб қилиб олган Н.Н. (аёл)нинг жиноят иши мазмунан кўриб чиқилди. Н.Н ким ўзи, бу фоний дунёда ўзини ўтга, оловга уриб, бир неча маротаба судланишига нима сабаб бўлган ёки уни биров мажбурлаганми? Балки унга ноҳақликлар қилингандир?
У дастлаб, 2005 йил 12 апрелда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан фирибгарлик, хужжат ва бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш, гиёхванд моддаларни сотиш жиноятлари билан 9 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган, жазодан 2005 йил 29 декабрда амнистия актига асосан озод қилинган. 2006 йил 20 сентябрда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан фирибгарлик, хужжат ва бланкаларни эгаллаш, нобуд қилиш, уларга шикаст етказиш билан ЖКнинг 59-моддасига асосан 6 йил озодликдан маҳрум қилинган, яна жазодан 2009 йил 28 августдаги амнистия актига асосан озод қилинган.
Орадан йиллар ўтиб, 2011 йил 24 ноябрда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан фирибгарлик, товламачилик билан 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниб, яна 2011 йил 5 декабрдаги амнистия актига асосан жазодан озод қилинган. Шундан сўнг яна жиноят содир қилиб, 2014 йил 1 июлда жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди томонидан ЖКнинг 131-моддаси 1-қисми билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. 2014, 2015 йилларда ҳам ЖКнинг тегишли моддаларига кўра, қонун олдида жазосини олган.
Афсусланарли жиҳати, унинг хаёлига бирор маротаба бўлса ҳам “мен нима қиляпман, нега яшаяпман”, деган фикр келмаганмикан? “Менга ҳамма нарса мумкин”, деган фикр билан яшайверган. Шунча гаплардан ва жазолардан хулоса қилмасдан, Н.Н. яна ёшлигини қўмсаб, “Обод” маҳалласи, Халқлар Дўстлиги шоҳ кўчаси, 101Б-уй, 6-хонадонда ижарада яшаб келиб, моддий манфаатдор бўлиш мақсадида яшаш хонадонида фоҳишахона ташкил қилиб, 2018 йил 21 январь кунига қадар бўлган вақт мобайнида, З.Қ.ни ва О.А.ни ва 2002 йилда туғилган, вояга етмаган Б.Гларни шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш учун ёллаб, уларнинг эркига зид равишда уйида сақлаб келиб, фоҳишалик билан шуғулланишга мажбурлаган. Яъни, уларга мижозлар билан жинсий алоқа қилишлари лозимлигини, акс ҳолда уйидан яланғоч ҳолатда ҳайдаб чиқаришини, улар яшайдиган маҳалласига бориб фоҳишалик билан шуғулланиб юришганини, шарманда қилишини айтиб қўрқитган ва бир кунда 10 нафаргача мижоз билан жинсий алоқада бўлишга мажбурлаган.
Суд ҳайъати судланувчи Н.Н.га нисбатан жазо тайинлашда жиноятларни ғараз ва бошқа паст ниятларда содир этганлигини жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар, айбига қисман иқрорлик билдириб, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб инобатга олиб, унга Аллоҳ томонидан берилган “Аёл” ва “Она” деган имтиёзини ҳисобга олган ҳолда Жиноят кодекси бўйича енгилроқ жазо тайинлаш моддаси билан озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо 6 (олти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Бундай иллатлар жамиятимизда авж олаётгани ҳар бир фуқарони ташвишлантириши табиий, албатта. Бундай кимсаларни қонун олдида жавоб бериши ва тегишли тартибда қайта тарбияланишига эса ҳар биримиз масъулмиз.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024