Жамият | 23:46 / 14.06.2018
51740
3 дақиқада ўқилади

Кабель ТВ тармоқларидан ЖЧ-2018 трансляциялари ўчирилди. Нега?

Фото: KUN.UZ

Кабелли телевидение тармоқларида намойиш этилувчи Россия телеканалларида ЖЧ-2018 трансляцияси ўчириб қўйилганлиги Ўзбекистон ижтимоий тармоқларида жуда катта норозилик келтириб чиқармоқда.

Ижтимой тармоқларда норози мазмунда ўз фикрларини билдираётган русийзабон аҳолининг асосий эътирозлари — Мундиал трансляциясини Ўзбекистонда кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган “ЎзРепорт ТВ”да трансляция сифати паст эканлиги, Россия телеканаллари орқали барча Full HD форматда жаҳон чемпионати трансляциясини кутганлиги, боз устига, “ЎзРепорт ТВ” шарҳловчилари мухлисларнинг талабига жавоб бермаслигидан иборат.

Бироқ, шуни унутмаслик керакки, “ЎзРепорт ТВ” Мундиал жонли трансляциясини Ўзбекистонда намойиш этиш ҳуқуқини харид қила туриб, харажатларини рекламадан чиқариб олишни мўлжаллаган. Агар бошқа телеканаллар ҳам бемалол намойиш этаверса, телеканал харажатларини қандай қоплайди?

Боз устига, ўша айтилаётган Россия телеканаллари ҳам трансляцияни фақат Россия Федерацияси ҳудудида амалга ошириш бўйича шартнома имзолаган. МДҲ давлатлари ҳудудида эмас.

Ўзбекистон ҳудудида турли каналлар трансляция қилиши мумкин бўлганида МТРК ва жумладан Спорт ТВ ҳам трансляция ҳуқуқини сотиб олган, ЖЧ-2018 учрашувлари параллел равишда UzHD канали орқали юқори сифатда намойиш этилган бўлмасмиди?!

Ёдингизда бўлса, Россиянинг «Первий канал-СНГ» деган МДҲ давлатлари учун мўлжалланган алоҳида канали бор. Бу каналда асосий каналдаги тўғридан-тўғри трансляциялар амалга оширилмайди, айрим лицензион фильмлар намойиш этилмайди.

Ёки Sports.ru интернет-сайтини олинг. У ердаги айрим видеолавҳаларни Ўзбекистон ҳудудидан туриб очмоқчи бўлсангиз — «видеоконтент сизнинг мамлакатингиз ҳудуди учун харид қилинмаган», деган ёзувга дуч келасиз.

Бу ҳолатда ҳам айнан шундай вазият юз бермоқда. Ким трансляция ҳуқуқини харид қилган бўлса, ўша даромад кўриш учун ўз ҳуқуқларини мамлакат ҳудудида ҳимоя қилишга ҳақли. Қонунларимиз шуни тақозо этади. Бунга бўйсунмаган айрим кабелли каналлар эса қонунчилик меъёрларини бузган ҳисобланишади ва “ЎзРепорт ТВ” бемалол уларни судга бериши мумкин.

Мавзуга оид