Ўзбекистон | 11:00 / 14.06.2018
22629
3 дақиқада ўқилади

Ҳукумат Чирчиқ шаҳри бўйича янги қарор қабул қилди

Фото: mytashkent.uz

Вазирлар Маҳкамасининг 11.06.2018 йилдаги «Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 440-сон қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Norma.

Маълумот учун: Чирчиқ шаҳри пойтахтнинг шимоли-ғарбий томонида 42 км нарида жойлашган. У улкан иқтисодий ва ҳарбий аҳамиятга эга. Шаҳарга 1935 йилда асос солинган бўлиб, айни пайтда унда қарийб 150 минг киши истиқомат қилади.
 
Янги корхоналар ва иш ўринлари
 
Шаҳарда қўшимча равишда 1 358та иш ўрнини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу 10та янги саноат объектини ташкил этиш ва мавжуд 12тасини кенгайтириш ҳисобига амалга оширилади. Хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасида эса 29та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Улардан 10таси – янги, 19таси – кенгайтирилмоқда.  
 
Инфратузилма ва коммунал хизмат кўрсатиш яхшиланади
 
186та кўп хонадонли уйлар қурилади. 7та маҳаллада икки контурли газ қозонлари ўрнатилади. 12,6 км ички йўллар, 136та газ тақсимлаш пунктлари, 8,1 км ичимлик суви ва 5,7 км оқава сув тармоқлари қурилади ва таъмирланади.
 
Бундан ташқари, 4та мактабгача таълим муассасаси мукаммал таъмирланади, 2та янги мактаб қурилиб, 8та фаолият кўрсатаётган мактаб (ш.ж. 1та мусиқа ва санъат мактаби) таъмирланади. Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети 1 200 ўринли ўз ётоқхонасига эга бўлади, Чирчиқ давлат педагогика институтининг ўқув биноси эса реконструкция қилинади.
 
2та поликлиника ҳам жами 560тагача беморни қабул қила олиши учун реконструкция қилинади.
 
Молиялаштириш ва раҳбарлик
 
Мўлжалланган режалар 700 млрд 709 млн сўм миқдоридаги маблағни талаб этади. Шундан 17%ини давлат мақсадли жамғармалар ва маҳаллий бюджетдан ажратади. Тадбиркорлик субъектлари – лойиҳалар ташаббускорлари харажатларнинг 54%ини зиммаларига оладилар. Банклар эса қолган 29%ни қоплаш учун кредит билан ёрдам берадилар.
 
Ишларни бош вазир ўринбосари – «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси бошчилигидаги республика ишчи комиссияси мувофиқлаштиради.
 
Ҳужжат 12.06.2018 йилдан кучга кирди.

Мавзуга оид