Жаҳон | 08:11 / 19.06.2018
4590
2 дақиқада ўқилади

Испания ҳукумати диктатор Франконинг қолдиқларини қайта кўмиш истагини билдирди

Фото: lavanguardia

Испанияда июнь бошида ҳокимият тепасига келган социалистлар Шаҳидлар водийсидаги  базиликда дафн этилган собиқ диктатор Франсиско Франконинг қолдиқларини бошқа жойга кўмиш истагини билдирмоқдалар. Испаниянинг янги бош вазири Педро Санчес бу ғояни қўллаб-қувватлади.  

“2017 йилда парламент томонидан қабул қилинган резолюцияда Франко қолдиқларини эксгумация қилиш, уларни Франконинг яқинларига топшириш ва Шаҳидлар водийси фашизм қурбонлари ёдгорлигига айланиши лозимлиги аниқ айтилган. Авваламбор, ярашув учун. 40 йилдан кейин... Испания испанларни бир-биридан айро қилувчи рамзларга йўл қўя олмайди”, деб айтган Санчес TVE телевидениесига. 

Шаҳидлар водийси 1940-йилларда Франконинг буйруғи билан 1936-1939 йилларда фуқаролик урушида ҳалок бўлганлар хотирасига қурилган ёдгорлик мажмуаси ҳисобланади. Уни қуришда асирга олинган республикачилар меҳнатидан фойдаланилган, улардан кўпчилиги қурилиш ишлари вақтида вафот этган. Водийда 34 минг киши дафн этилган. Базиликда фақатгина иккита қабр бўлиб, улардан бири Франкога, иккинчиси “Испан фалангаси” асосчиси Антонио Примо де Риверага тегишли. 

Испания социалистик ишчи партияси 2007 йилдаёқ франкизм рамзларидан қутулиш ва Шаҳидлар водийси аҳамиятини ўзгартиришни назарда тутувчи тарихий хотира ҳақидаги қонуннинг қабул қилинишига эришган.  

Ёдгорлик мажмуасига кўпинча Франконинг издошлари, неофалангачилар ва ўта радикал ташкилотлар аъзолари тантанали маросимлар ўтказиш учун ташриф буюришади, жумладан улар бу ерга Франконинг вафот этган куни келишади.

Мавзуга оид