
АҚШ мудофаа вазирлиги кўрмоқчи бўлган сиёсий чоралар – баъзи иттифоқчиларнинг Эрон урушида Қўшма Штатлар ҳарбийларига кириш, базалардан фойдаланиш ва ҳаво ҳудудидан ўтиш ҳуқуқларини (ABO) беришни истамагани ёки рад этаётганидан келиб чиққан. Бу ҳақда Reuters нашри Пентагон ички электрон хати мазмунидан хабардор АҚШ расмийсига таяниб хабар бермоқда.
Электрон хатда қайд этилишича, ABO ҳуқуқларини (ABO – Access, basing and overflight) таъминлаш «НАТО аъзолари учун мутлақ минимал талабдир».
Расмийнинг қўшимча қилишича, ушбу вариантлар айни пайтда Пентагоннинг юқори бўғинларида муҳокама қилинмоқда. Хатдаги вариантлардан бири «муаммоли» мамлакатларни НАТОдаги муҳим ёки нуфузли лавозимлардан четлатишни кўзда тутади.
Электрон хатда келтирилган сиёсий чоралар НАТО иттифоқчиларига «Европаликларнинг ҳамма нарсага ҳақли экани ҳиссини камайтириш» мақсадида кучли сигнал юборишга қаратилган, деб хулоса қилди расмий вакил.
Айниқса Испаниядан қаттиқ норозилик
АҚШ олий раҳбарияти айниқса, ўз базалари ёки ҳаво ҳудудидан Эронга ҳужум қилиш учун фойдаланишга рухсат бермаслигини эълон қилган Испаниянинг социалистик ҳукуматидан норози. Қўшма Штатларнинг Испанияда иккита муҳим ҳарбий базаси бор: «Рота» денгиз базаси ва «Морон» авиабазаси.
Хатда таъкидланишича, Испанияни алянсдан четлатиш варианти АҚШ ҳарбий амалиётларига чекланган таъсир кўрсатади, аммо улкан рамзий аҳамиятга эга бўлади.
Расмий вакил АҚШ Испанияни алянсдан четлатишни қандай амалга ошириши мумкинлигини очиқламади. Шунингдек, нашр ҳам НАТОда буни амалга ошириш учун қандайдир мавжуд механизм бор-йўқлигини аниқлай олмаган.

Испания бош вазири Педро Санчес эса бу хатни жиддий олмаслигини айтди.
«Биз электрон хатлар ёки шахсий ёзишмалар асосида иш кўрмаймиз. Биз расмий ҳужжатлар ва ҳукуматларнинг, бу вазиятда АҚШ ҳукуматининг — расмий позициясига қараб иш тутамиз»,










