Иқтисодиёт | 16:53 / 19.06.2018
11024
2 дақиқада ўқилади

Ҳукумати алмашаётган Испания Ўзбекистонга 150 миллион евро кредит ажратмоқчи

Фото: REUTERS

Испания Ўзбекистонга 150 миллион евро қийматдаги стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредит линияларни ажратади. Бу ҳақда Испания Қироллигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Игнасио Ибаньеса 19 май куни ташкил этилган ўзбек-испан бизнес форумида маълум қилди. 

«Биз молиявий ҳамкорликни амалга ошириш учун қабул қилинажак меморандум устида иш олиб боряпмиз. Биринчи босқичда Ўзбекистонга 150 миллион евро қийматдаги қишлоқ хўжалиги, саноат ва инфратузилмадаги стратегик лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли кредит линияси ажратилиши кўзда тутилган», – дейди элчи. 

Форумда иштирок этган Kun.uz мухбирининг таъкидлашича, Испанияда юз бераётган сиёсий ўзгаришлар, яъни ҳукумат алмашинуви жараёнига қарамай, тез орада томонлар иқтисодий масалалар бўйича ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиши мумкин. 

«Янги муносабатлар тарихи бошланиши билан, биз Ўзбекистондаги олиб борилаётган ислоҳотларга Испания ҳукуматининг тўлиқ кўмагини таклиф этамиз», – таъкидлаган элчи. 

Испания иқтисодиёти Евроиттифоқда бешинчи бўлиб, унинг туризм саноати дунёда етакчилар қаторида тилга олинади. Масалан, 2017 йилда бу давлатга 82 миллион сайёҳ ташриф буюрган. Ўтган йили Москва шаҳридаги Испания бош консуллиги ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ҳам Шенген визасини олишда кўмак берувчи марказ очилганди. 

Айнан шу соҳалардаги яқин ҳамкорлик ва тажриба ўрганиш Ўзбекистонга ҳам фойдали бўлиши мумкин.

Мавзуга оид