Жаҳон | 21:25 / 20.06.2018
6070
3 дақиқада ўқилади

34361 киши: Британия нашри Европага йўлда ҳалок бўлган муҳожирлар исмларини маълум қилди

Британиянинг The Guardian нашри 20 июнь – Халқаро қочқинлар кунида Европага етиб олиш илинжида ҳалок бўлган муҳожирлар рўйхатини чоп этди. 25 йил ичида қурбонлар сони 34 минг 361 нафарни ташкил қилган.  

Рўйхат нашрнинг босма версиясига махсус 56 саҳифалик иловада келтирилган ва сайтда жойлаштирилган. 

Ушбу рўйхатда биринчи бўлиб 24 ёшли конголик Кимпуа Нсимба турибди. Таъкидланишича, у Буюк Британияга келгандан 5 кун ўтиб қочқинларни қабул қилиш марказида ўзини осиб қўйган. Рўйхатга кўра, аксарият муҳожирлар денгизда ҳалок бўлганлар. 

Нашрнинг таъкидлашича, у фақатгина маълум ҳолатлар бўйича маълумот берган, аслида эса қурбонлар сони кўпроқ. Йил сайин ҳалок бўлаётган муҳожирлар сони ортиб бормоқда: 1963 йилда 61 та ўлим қайд қилинган бўлса, 2017 йилда бу кўрсаткич 3915 тани ташкил қилган.   

Рўйхатни тузиш билан 15 йил давомида туркиялик рассом Бону Қанотўғлу шуғулланган. У рўйхатни тузишда UNITED for Intercultural Action ушюмаси маълумотларидан фойдаланган. Бу уюшмага ирқчиликка қарши курашувчи юзлаб ташкилотлар киради.

Аввал рассом муҳожирлар муаммосига эътибор қаратиш мақсадида бу рўйхатни Европа давлатларидаги автобус бекатлари ва реклама шитларида осиб чиққан.

“Муҳожирлар денгизда, юк машиналарида, қочқинлар лагерларида, радикаллар қўлларидан ҳалок бўладилар, баъзида эса катта стресс оқибатида ўз жонларига қасд қиладилар”, деб таъкидлаб ўтган нашр.

Халқаро миграция ташкилоти маълумотларига кўра, 2018 йилнинг 1-ярмида Европага денгиз орқали 40 мингдан кўпроқ, яъни 2017 йилнинг шу даврига нисбатан 2 марта камроқ муҳожир келган. Йўлда ҳалок бўлганлар сони ҳам 2 баробар камроқ бўлиб, 857 нафарни ташкил қилган. 

Мавзуга оид