Жамият | 21:35 / 20.06.2018
15797
2 дақиқада ўқилади

Яширин цех ташкил қилган фуқарога нисбатан суд ҳукми ўқилди

Ноқонуний ишларни “тадбиркорлик” ҳисоблаб, фаолият олиб борувчилар ҳам орамизда топилади. Яширин цехларни аниқлаш ва уларнинг фаолиятига барҳам беришга қаратилган тезкор тадбирлар натижасида фуқаро М.Б. томонидан чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ва уни муомалага киритишга оид жиноят содир этилган. Дастлабки тергов ва суд давомида аниқлаш имкони бўлмаган шахс билан олдиндан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлгани ҳолда, ўзи яшаб келаётган Андижон шаҳар, Боғишамол МФЙ, Қори-Ниёзий кўчаси, 226-уйда ноқонуний равишда яширин цех ташкил қилиб, чигитдан олинадиган пахта ёғи маҳсулотини ишлаб чиқариб, муомалага киритаётганлиги аниқланиб, яширин цехдан жами 2.188.600 сўмлик 360 литр пахта ёғи, 84 дона ушлагичлар, 1 дона электрон тарози, 27 дона 20 литрли елим идиш, 331 дона сариқ рангли қопқоқлар, 1 дона сузгич, 1 дона воронка, 2 дона 10 литрли елим идишлари, 49 дона 5 литрли полиэтилен идишлар, 3 дона 200 литрли темир идишлар ашёвий далил тариқасида олинган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида иш кўриб чиқилди. Суд Р.Тургиновнинг раислигида олиб борилди. Мазкур жиноят иши бўйича судланувчи М.Бга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1862-моддаси 2-қисми “б” банди (чигитдан олинадиган маҳсулотни қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса) билан 4 йил озодликдан махрум этиш жазоси тайинланиб, ЖК 72-моддасига (шартли ҳукм қилиш) асосан 2 йил синов муддати белгиланди.

Суд томонидан судланувчи М.Бга нисбатан жазо тайинлашда жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд эмаслигини, айбига иқрор ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, аёллиги ва қарамоғида вояга етмаган фарзанди борлиги, шахси яшаш жойидан ижобий тавсифлангани инобатга олинди.

Мавзуга оид