12:37 / 20.06.2018
18692

Билл Гейтс карьера танлаш ҳамда муваффақият ҳақида

Фото: Getty Images

Microsoft компаниясининг асосчиларидан бири, миллиардер ва филантроп Билл Гейтс Reddit сайти фойдаланувчиларининг саволларига жавоб берган. У келиб чиқиши тақдирига қандай таъсир қилгани, қайси технологиялар истиболли экани ва нима учун криптовалюталарга ишонмаслиги ҳақида гапирган. Биз Гейтснинг энг қизиқ жавобларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Келиб чиқиш ва тўқчилик тўғрисида

Мендаги ажойиб таълим жуда катта ёрдам берди: 6 йил давлат мактабларидаги таълим, ундан кейин аъло даражадаги хусусий мактаб (Лейксайд). Агар камбағал оилада туғилмаганимда, балки дастурлаш ва математикага бундай қизиқишни ривожлантирмаган бўлардим. Натижада бу каби муваффақиятга эришмасдим.

Карьерани танлаш ҳақида

Илк марта 13 ёшимда компьютерни кўрдим. У мени ўзига жалб қилди. Дастурлашни тушуниб олишга кўп вақт сарфладим. BASIC’дан бошладим ва бошқа тилларни ўргандим. 16 ёшимда TRW корпорациясида ишлай бошладим. Шу туфайли мактабнинг сўнгги йилининг бир қисмини қолдиришга тўғри келса-да, у менга кўпроқ нарса билиш имконини берди. Омадим – менга жуда ёққан нарса билан шуғулландим ва вақт ўтиши билан у янада муҳим аҳамият касб этди. Деярли барча қобилиятларимга шубҳа билан қарардим, бироқ дастурлай олишимга доимо ишонганман.

Фото: AP

Microsoft’даги иш ҳақида

Microsoft’да қилган барча ишларимиз ортга суриб бўлмас ҳаракатларни талаб этарди. Биз рақобатчилардан илгарилаб кетгандик ва жуда тез суръатларда ишлардик. Ҳозир менга айнан шу етишмайди. Олдинга бир қадам ташлаш ва кўп муддатли трендларни ўрганиш учун йилда икки марта “фикрлаш ҳафталари”ни ташкил этишимга тўғри келарди. Ҳозирда малярия каби муаммо билан шуғулланяпман ва бу соҳадаги рақобат юқори бўлиши ҳамда қарорлар тезроқ қабул қилинишини истайман.

Безгак билан курашиш усуллари ҳақида

Безгак — фондимиз учун жуда муҳим муаммо. Бу касаллик оқибатида юзага келадиган ўлим чивинларга қарши тўр, спрей ва янги дорилардан фойдаланиш сабабли икки марта камайган. Бироқ келажакда бизга янги воситалар керак бўлади, чунки малярия мавжуд воситаларга мослашади. Бизда одамларни узоқ ҳимоя қиладиган вакцина йўқ, бироқ уни ишлаб чиқишга фаол равишда сармоя қиляпмиз. Биз қандай воситалар самарали бўлишини аниқлаш учун кўплаб моделлар яратиб, синовдан ўтказяпмиз. Янги усуллардан бири ген драйви. У одамларни барча инфекциялардан тозалаш осон бўлиши учун чивинлар кўпайишини бир неча йилга қисқартириш имконини беради. Бир неча йилдан кейин бу услуб ҳақиқий шароитларда синов учун тайёр бўлади.

Альцгеймер касаллигига қарши дори ҳақида

Альцгеймер касаллигига қарши дориларнинг кўплаб синовлари муваффақиятсиз бўлди. Бироқ яхши янгиликлар ҳам бор: биз ишлаб чиқаётган инструментлар бу касалликни яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Мен бу муаммога оптимизм билан қарайман: агар ката маълумотлар базасини умумлаштириб, таҳлил қилсак ва истиқболли стартапларни молиялаштирсак, кейинги 20 йилда Альцгеймер касаллигидан азият чекадиганларга ёрдам берадиган дори воситаларини яратамиз.

Фото: AFP

ГМО ҳақида

ГМО мавжуд маҳсулотлар саломатлик учун ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Бу технологиядан тўғри фойдаланиш эса бутун дунёдаги очлик ва тўйиб овқатланмасликни камайтириш имконини беради. Мен ГМОсиз маҳсулотларни четлаб ўтмайман, бироқ одамлар уларни генетик модификация қилинган маҳсулотдан яхшироқ деб ҳисоблаши мени хафа қилади.

Автоматлаштириш ҳақида

Автоматлаштириш саноат инқилоби давридан бошлаб самарадорликнинг ўсишига хизмат қилган. Тракторларнинг пайдо бўлиши ёки тўқимачилик соҳасининг машиналаштирилишини ёдга олайлик. Дастурий таъминот ривожланар экан, самарадорлик янада юқори бўлади, шунинг учун келажакда пайдо бўладиган касбларга одамларни тайёрлаш ва ўқитиш тўғрисида жиддий ўйлашимиз керак. Умуман олганда автоматлаштириш – ажойиб иш. У туфайли камроқ ишлашимиз мумкин, бироқ катта ўзгаришлар бита авлоддан кейинги авлод даврида юз беради.

Технологиялар ҳақида

Мен компьютерлар матнни ўқиб, одамларга ўхшаб тушунадиган вақт келишини жуда кутяпман. Бу зўр бўлади. Бугун компьютерлар муайян сўзларни излай олади, бироқ таътил, карьера ёки оила нима эканини тушунмайди. Ҳақиқатан ҳам фойдали виртуал ёрдамчи яратиш учун Microsoft ва бошқа компаниялар иш олиб боришмоқда.

Яна бир истиқболли соҳа – робототехника. Одам танасининг ҳаракатланиши ва объектлар билан ҳамкорлик қилиши ажойиб. Баъзи мутахассислар роботлар ўн йилдан кейин инсон қобилиятларига эриша олади, деб ҳисоблайдилар, бироқ бошқалар масалан, Родни Брукс бунинг учун кўп вақт керак бўлишига ишонишади.

Фото: EPA

Муваффақият ҳақида

Турли соҳаларда муваффақиятли бўлиш мумкин. Мен мактабнинг юқори синфларида яхши баҳолар олганимда муваффақиятга эришдим. 1990 йилларда орзуим амалга ошди ва компьютер бошқа одамларнинг ишлаш қобилиятини оширадиган инструментга айланди. Бугун мен яхши ота бўлиш ҳамда фондимизнинг улкан режалари (улар орасида полиомиелит ва безгак устидан ғалаба қилиш ҳам бор) устида ишлаяпман. Мен доимо муваффақият кафолатланган соҳаларда ўз олдимизга мақсадлар қўйишимиз керак ,деб ҳисоблайман. Мен учун бундай соҳалардан бири – глобал исишга қарши курашишдир.

Келажакда юз бериш эҳтимоли мавжуд бўлган молиявий инқироз ҳақида

Қачон юз беришини айтиш мушкул, бироқ шубҳасиз содир бўлади. Бахтни қарангки, 2008 йилдаги инқироз оқибатлари билан нисбатан муваффақиятли иш олиб боряпмиз. Уоррен Баффет бу ҳақида кўп гапирган ва мазкур соҳани менга қараганда яхши билади. Мутахассисларнинг башоратларига қарамай, мен келажакка оптимизм билан қарайман ҳамда инновация ва капитализм бутун дунёдаги одамлар ҳаётини яхшилашига ишонаман.

Криптовалюталар ҳақида

Криптовалюталарнинг асосий хусусияти – уларнинг анонимлиги. Бу яхши деб ўйламайман.Давлатда пулларни ўзлаштириш, солиқларни тўлашдан бош тортиш ва террористик ташкилотларни молиялаштириш каби ҳолатларни билиш имконияти бўлиши лозим. Криптовалюталар атрофидаги спекуляция ва ICO тезкор ютуқдан бошқа нарса билан қизиқадиганлар учун қўшимча таваккалчиликни юзага келтиради.

Фото: Reuters

Иқтисодий нотенглик ҳақида

Мен ижтимоий ҳимояни таъминлаш ва тенг имкониятларни яратишни яхшилаш керак деб ўйлайман. 100 йил аввал одамлар қандайдир бир оддий саналган хавфсизлик ёстиқчасига эга бўлишмаган, ҳозир эса бу соҳа тобора ишончли бўлиб боряпти. Мен кўплаб мамлакатлар мерос учун солиқ тўлашни жорий этмаётганидан ҳайрон қоламан. У даромадлар яхши тақсимланишига хизмат қилади ва сулолалар пайдо бўлишининг олдини олади. Камчиликларга қарамай, иқтисодий тизимимиз сўнгги 200 йил мобайнида катта моддий бойликлар яратди. Эндиликда биз уларни адолатли тақсимлаш билан шуғулланишимиз мумкин.

Президентлик пойгасидаги иштирок тўғрисида

Мен президентликка номзодимни қўймайман, мен Мелинда билан фондимизда амалга ошираётганларимизга қаттиқ боғланганман. Американинг узоқ муддатда дунёдаги ўрни, касалликларни енгишга ёрдам берадиган тадқиқотлар, таълимни яхшилаш ҳақида ўйладиган президентга эга бўлиш муҳим деб ҳисоблайман. Бироқ менга одамлар давлатдан жуда кўп нарса кутишадигандек туюлади.

Давлатимиз ривожланиши керак бўлган соҳалар мавжуд, бироқ ташаббускор гуруҳлар давлат бажара олмайдиган ишларни амалга оширишга ёрдам беради: мактабларда ёрдам бериш, қашшоқликдан азият чекканларни қўллаб-қувватлаш. Бу халқаро даражада ҳам иш беради. Мен фуқаролик жамияти кўпроқ ташаббускорлик кўрсатишини истайман. Балки абортлар ёки ҳатто иммиграция масалаларида фикримиз бир жойдан чиқмаслиги мумкин, бироқ саломатлик ва таълим соҳаларини яхшилашда бизга ҳеч нима халақит қилмайди.

Top