Жаҳон | 19:29 / 25.06.2018
3990
2 дақиқада ўқилади

Facebook'да қанча вақт ўтказганингизни кўрсатувчи функция ишга тушди

Фото: getty images

Facebook фойдаланувчилари ижтимоий тармоқда қанча вақт ўтказганлари ҳақида маълумот олиш имконига эга бўлишди. Энг йирик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар лентани кўздан кечиришга қанча вақт ажратишганини кузатиш имконини берувчи функцияни синовдан ўтказмоқда. Янги функция Your Time on Facebook (Сизнинг "Фейсбук"даги вақтингиз) деб аталади ва иловада пайдо бўлади, деб ёзилади Android Authority'да. 

Facebook иловасининг Android'даги сўнгги версиясида пайдо бўлган янги функцияга дастурчи Жейн Манчун Вонг эътибор қаратди. Фойдаланувчи Your Time on Facebook ёрдамида иловада қанча вақт ўтказганини ва кунлик, ойлик ҳамда йиллик статистика билан танишиши мумкин. Facebook'да мазкур функция синовлари ҳақидаги маълумот тасдиқланди. Таъкидлаш жоизки, жорий йил бошида Facebook раҳбари Марк Цукерберг ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар ўз вақтларини яхшироқ ўтказишлари устида ишлаётгани ҳақида маълум қилган эди. 

Таъкидлаш жоизки, май ойида Instagram'да ҳам шундай функция кўринган эди. Facebook Instagram'ни бошқаришини инобатга оладиган бўлсак, ижтимоий тармоқларда ўтказилган вақтни кузатиш имкони Facebook'да ҳам йўлга қўйилиши ажабланарли эмас. Шуни ёдга солиш лозимки, вақтни назорат қилиш функцияси iOS 12'да пайдо бўлган.

Мавзуга оид