Жаҳон | 23:39 / 02.07.2018
5591
1 дақиқада ўқилади

Dragon юк кемаси Халқаро коинот станцияси билан туташди

29 июнда SpaceX компанияси томонидан Халқаро коинот станцияси томон учирилган Dragon юк кемаси 2 июлда ХКС билан муваффақиятли туташди. 

Фото: Twitter/NASA

ХКСнинг твиттерда маълум қилишича, станция Тошкент вақти билан соат 16да Canadarm2 қўл-манипулятори ёрдамида кемани ушлаб олган ва 3 соат ўтгач кема станциянинг Harmony модулига туташган.

twitter.com/Intl. Space Station

Кема ХКСга 2,7 тонна юк, жумладан озиқ-овқат, тажрибалар учун материаллар етказган. Юк орасида коинотни тадқиқ қилишга мўлжалланган интерактив мобил ёрдамчи CIMON ҳам бор. 

Айни вақтда SpaceX Dragon кемасининг ХКСга янги экипажларни етказа оладиган бошқарилувчи версиясини яратиш устида иш олиб бормоқда. Ушбу кеманинг одамларсиз илк парвози жорий августда, одамлар билан эса декабрда амалга оширилиши кутилмоқда. Таъкидланишича, кема капсуласида бир вақтнинг ўзида 7 фазогир жойлашиши мумкин.

 

Мавзуга оид