Жамият | 01:48 / 02.07.2018
24439
5 дақиқада ўқилади

Сирдарё вилоятидаги ижтимоий-маиший муаммолардан лавҳалар

Яқинда KUN.UZ сайтига Сирдарё вилоятининг Сирдарё ва Гулистон шаҳарларида истиқомат қилувчи аҳоли вакилларидан мурожаатлар келиб тушди. Улар мактубларида ўзлари истиқомат қилувчи уйларнинг аҳволи жуда ачинарли эканлиги ва бошқа ижтимоий-маиший муаммолар ҳақида ёзишган. Таҳририят ходимлари муаммоларни чуқурроқ ўрганиш ва жамоатчилик эътиборига ҳавола қилиш мақсадида Сирдарё вилоятига борди. 

Даставвал Сирдарё туманидаги “Ширин” маҳалласидаги кўпқаватли тураржойларда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари билан учрашиб, уйларнинг умумий аҳволи билан танишамиз. 

Тўғрисини айтганда, уйларнинг атрофини гапирмай қўя қолайлик, уларнинг бир неча йиллардан буён таъмирланмагани шундоқ кўриниб туради. Уйлар атрофидаги экосанитар ҳолатни умуман қониқарсиз, деб баҳолаш мумкин. Айниқса, туман ҳокимлиги балансидаги ётоқхона аҳволи жуда ҳам ачинарли. Бу ерда одамлар истиқомат қилаётганига ҳам киши ишонгиси келмайди. Ётоқхона учун ягона ошхонадаги ҳолатни тасвирлашга сўз топа олмаймиз. Электр тармоғининг аянчли экани, симларнинг очиқлигини гапирмаса ҳам бўлади. 

Ичимлик сувини шу яқин орадаги тадбиркорлик субъекти савоб талабида етказиб бериб турибди, дея эътироф этишади маҳаллий аҳоли вакиллари. Бизлар боришимиздан бир неча кун аввал кўчага айни тадбиркор асфальт ётқизиб берганини айтишди.

Кўчанинг нариги томонидаги уйлар атрофидаги ўзбошимчалик билан қуриб олинган бино ва иншоотлар Президент Мирзиёевнинг Сирдарё вилоятига ташрифи доирасида бузиб ташланган, бироқ президентнинг бу ерга келмаслиги маълум бўлгач, барча куч ва воситалар бошқа ҳудудга йўналтирилган, Ширин маҳалласидаги икки қаватли уйлар атрофи қаровсиз ҳолатда ташлаб кетилган.  

Биз муаммолар гирдобидан чиқиб, даставвал “Ойбек Ўролбек” ХУЖМШ раҳбари Олим Шодмонқуловдан шундай ачинарли ҳолатга ойдинлик киритишни сўрадик. Сўнгра, туман ҳокимлигида қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари Улуғбек Ҳасанов ҳамда ширкатлар уюшмалари раиси Ғайрат Норбўтаев билан учрашдик.

Уларнинг айтишича, бу маҳаллани “Обод қишлоқ” давлат дастурига киритиш режалаштирилган вақтда, маҳаллий аҳолининг айрим вакилларининг эътирозлари туфайли киритилмаган. Улар кредит ҳисобига ободонлаштирилиб, бинолар таъмирланса, кредитни тўлаш учун моддий имкониятлари йўқлигини важ қилишган. Аслида, биноларнинг томи ва фасади, болалар майдончалари, ҳожатхона муаммоси давлат дастури доирасида амалга оширилиши тушунтирилган, бироқ айримлар буни яхши англамаган кўринади. 

Биз Сирдарё туманидан сўнг, айни шу каби муаммолар оғушида эканликларини айтган Гулистон шаҳар фуқаролари билан учрашиш мақсадида Сирдарё вилояти маркази томон йўл оламиз.

Гулистон шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 2-мавзе, Сайқал маҳалласи. Аммо номига ярашмаган аҳоли мавзесига кирар эканмиз, ҳаммаёқ ағдар-тўнтар экани, бетон зовурлар келтирилганидан бу ерда қурилиш ишлари олиб борилаётган экан-ку, деган хулосага келдик. Аммо хато ўйлаган эканмиз. Маҳаллий аҳоли бизнинг фикрларимизга зид сўзларни айтишди.

Ичимлик суви, атроф-муҳитнинг санитар-гигиена жиҳатдан талабга умуман жавоб бермаслиги, бошланган ишлар ўлда-жўлда қолдириб кетилгани (аҳоли вакиллари, худди Сирдарё туманида бўлгани сингари, президент ташрифи арафасида гўёки ободонлаштириш ишларини бошлашганини айтишди) таъкидланди. Бу ерда ҳам ҳожатхона муаммоси. Кўпқаватли уйлар ўртасида бир неча ўн йиллардан бери бўлган ҳожатхона антисанитар ҳолатнинг бош сабабчиси экани яққол кўриниб турибди.

Биз мазкур ҳолатлар юзасидан изоҳ сўраш учун Гулистон шаҳар ҳокимлигига бориб, қурилиш ишлари бўйича ҳоким муовини Жонибек Яриев билан учрашдик. 

“Гулистон шаҳрида 2та маҳалла, шу жумладан сўз бораётган маҳалла ҳам “Обод маҳалла”давлат дастурига киритилган. Йил охиригача бу ерда ободонлаштириш ишлари якунига етказилади. Даставвал битта маҳалла ободонлаштирилиб, кўрсатилади, сўнгра фармон чиққанидан кейин ишлар давом этказилади. Бизга шу мақсадда 1 ой муддат берилган. Ишни аҳвол энг жиддий бўлган икки маҳалла: Сайқал ва Боғишамол маҳалласидан бошламоқдамиз.

Аҳолининг эътирози шундаки, кучли ёғингарчилик кунлари ёмғир сувларини оқизиш тизими яхши ишламаслигида, мавжуд дренажлари эса талабга жавоб бермаслигида. Аниқроқ айтганда бир неча йиллар мобайнида ишламаган”, - деди Жонибек Яриев.

Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, бугунги кунда давлат раҳбарияти томонидан қишлоқ жойларда ва шаҳарлардаги маҳаллаларда ободонлаштириш, фуқаролар яшаш шароитларини яхшилаш борасида кенг қамровли қурилиш-ободонлаштириш ишларига эътибор берилмоқда. Бу борада “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” давлат дастурлари ишлаб чиқилиб, йирик миқдорда маблағлар ажратилмоқда. Дастурга тушган маҳалла ва қишлоқлар аҳолиси ҳам айрим ҳолларда ободонлаштириш ишларини мураккаблаштириш ўрнига ўз ҳиссаларини қўшишса, нур устига аъло нур бўлар эди, назаримизда.   

 

Мавзуга оид