Ўзбекистон | 20:26 / 03.07.2018
14165
2 дақиқада ўқилади

Марказий банк: Мавсумий омиллар туфайли нархлар пасайди

Июнь ойида Ўзбекистон истеъмол бозоридаги маҳсулотлар ва хизматлар нархлари аввало мавсумий омилларга, айнан олганда — озиқ-овқат маҳсулотларининг анъанавий арзонлашуви билан боғлиқ равишда пасайди. Марказий банк ахборотида маълум қилинишича, пасайишнинг ўртача даражаси 2,7 фоизни ташкил этган.

Айни пайтда, агарда мева ва сабзавотлар нархлари ҳисобга олинмаса, у ҳолда нархлар ўртача 0,8 фоизга ошган. Помидор (66,7 фоиз), бодринг (52,6 фоиз), картошка (45,7 фоиз) ва олма (35,8 фоиз) арзонлашуви нархларнинг умумий даражасига сезиларли таъсир кўрсатган.

Мавсумийлик касб этмайдиган қатор озиқ-овқат маҳсулотлари нархида эса ўсиш кузатилган. Мош 14,8 фоиз, гуруч — 13,7 фоиз, гречка — 9 фоиз, маъданли сув — 8,2 фоиз, шакар — 2,4 фоиз, қўй гўшти — 2,1 фоиз ва мол гўшти — 1,7 фоизга қимматлашган.

Марказий банк хабарида гўшт, гуруч ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари импортининг ортиши улар нархининг барқарорлашувига олиб келиши мумкинлиги қайд этилган.

Сўмнинг айрибошлаш курсининг мустаҳкамланиши ва чегарадош республикалар билан ташқи савдонинг либераллашаётгани ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархининг барқарор бўлишини (пасайиш — 0,7 фоизга) таъминламоқда.

Июнда хизматларнинг 1,4 фоизга қимматлашуви асосан стоматологик хизматларнинг 13,1 фоизга, шаҳар транспортида йўл киранинг 11,6 фоизга ва юкларни автомобилда ташиш хизматларининг 3 фоизга қимматлашуви билан боғланмоқда.

Мавзуга оид