Жаҳон | 21:01 / 04.07.2018
4862
2 дақиқада ўқилади

Эрдўғаннинг президент лавозимига киришиш маросими 9 июлда бўлиб ўтади

Фото: aa.com.tr

Туркияда ўтган сайловларда қайта президент этиб сайланган Ражаб Тоййиб Эрдўған 9 июлда қасамёд келтиради. Бу ҳақда Эрдўған матбуот хизматида маълум қилинган. 

Аввалроқ инаугурация маросими 8 июлда бўлиб ўтиши маълум қилинган.

“Президентимиз инаугурацияси душанба куни бўлиб ўтади”, деб айтилган хабарда.

Шу куни вазирлар маҳкамасининг янги таркиби эълон қилиниши кутилмоқда. Ушбу таркиб бошқарувнинг президентлик шаклига ўтилаётгани сабабли Туркия президенти томонидан тайинланади.

Шу муносабат билан Туркия ҳукумати ўз ваколатларини президентга топширди. Бу ҳақдаги қарор Resmi Gazete нашрида чоп этилган. 

Ушбу қарорга кўра, 1924 йилдан 2017 йилгача қабул қилинган бир қатор қонунларга ўзгартиришлар киритилади. Ўзгартиришлар моҳияти бош вазир ва ҳукумат ижрочилик ваколатларининг президентга топширилишидан иборат. Бу ўзгартиришлар президент қасамёд келтириши билан кучга киради.

Туркияда ўтган президент ва парламент сайловларида Эрдўған 52,59 фоиз овоз билан ғолиб бўлган, унинг Адолат ва тараққиёт партияси 41,56 фоиз овоз олган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид