Жамият | 11:29 / 04.07.2018
13125
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри фуқароларига “уй дафтар”ларини юритиш тавсия этилди

Тошкент шаҳри кўп қаватли уйларида истиқомат қилувчи шахсларнинг аксарияти “Шакл-4”, “Шакл-5” ҳисоб варақалари (хонадон варақалари) асосида маълумотнома олиш ва шу асосда яшаш манзили бўйича доимий рўйхатдан ўтиш учун туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига мурожаат қилишади. Бу эса, узундан-узоқ навбатларнинг ҳосил бўлиши ҳамда қимматли вақт йўқотилишига олиб келмоқда. Бу ҳақда ШИИББ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Тошкент шаҳар ИИББ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси, унинг туман бўлимлари шаҳар аҳолисига қулайлик тақдим этиш мақсадида кўп қаватли уйлар учун жорий қилинган, эски тизимдан қолиб кетган “Шакл-4”, “Шакл-5” ҳисоб варақалари ўрнига «уй дафтарлари»ни юритишни тавсия этади. ШИИББ сайтида бу ҳақда тўлиқ маълумот тақдим этилган. 

Хўш, «Уй дафтари»нинг афзалликлари нимадан иборат? 

«Уй дафтари» “Шакл-4,-5”дан фарқли ўлароқ, фуқаронинг ўзида сақланади ва газ, электр, сув, иситиш каби хизматларга маълумот олиш учун ИИОга қайта-қайта мурожаат қилишга эҳтиёж қолдирмайди. «Уй дафтари»да хонадонда рўйхатга олинган фуқароларга тегишли барча маълумотлар қайд этилади.

«Уй дафтари» қаердан олинади ва қандай расмийлаштирилади?

«Уй дафтари»ни китоб ва матбуот расталаридан харид қилиб, яшаш манзилидаги маҳалла фуқаролар йиғинида расмийлаштириш мумкин. Шундан сўнг, туман миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига шу манзилда яшовчи оиланинг барча аъзоларининг паспорти ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси билан бирга тақдим этилади.

Мавзуга оид