Наманган шаҳрида фуқаро ички ишлар бўлими биносида қийноққа солинди. Бу ҳақда Инсон ҳуқуқлари бўйича “Эзгулик” жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳолат 2025 йил 14 август куни содир бўлган. 1991 йилда туғилган Абдулаҳад Ўрмоновни профилактика инспектори Б.Д. ва бошқа ходимлар ИИБ биносида икки кун давомида қийноққа солиб, унга ҳаёти учун оғир тан жароҳатлари етказган. Сўнг уни майда безориликда айблаб, Жиноят ишлари бўйича Наманган шаҳар судига олиб боришган. Аммо айблов тасдиқланмаган, маъмурий иш суд томонидан рад этилган.

Наманган шаҳридаги Олтитош маҳалласида яшайман. Б.Д. исмли ички ишлар ходими аввал турмуш ўртоғимнинг қизлик маҳалласида профилактика инспектори бўлиб ишлаган. Хотиним билан келишмовчиликлар бўлганида, унинг маҳалласидаги вакил сифатида уйимизга ҳам келарди. Оилавий масалаларга аралашиб юрарди. Унда аввалдан мен ва оиламизга қандайдир адоват бўлган, кўп ўчакишарди”, деган Абдулаҳад Ўрмонов Gazeta.uz мухбирига.

Унга кўра, 14 август куни соат 16:00 ларда мактабда ўқийдиган қизи қўнғироқ қилиб, ўқув қуроллари олиб беришини айтган. Уйдан 75 минг сўм пул олиб, дўкон томон йўл олган фуқаро кўчада Б.Д.ни кўриб қолади.

У маҳалламизда номери йўқ қизил машинада турган экан. Бошқа ҳудудда хизмат қилса-да, лекин доимо мана шу атрофда айланиб юради. Ўша куни унга “Биз икки томонни яраштириб қўйинглар маҳалла фаоллари”, дедим. “Пастга тушсанг, гаплашиб оламиз”, дея жавоб қайтариб, кетди. Орқасидан борсам, Наманган шаҳар ички ишлар бўлими биносига бориб, у ерга кириб кетди. Мен эса бинонинг кириш қисмида қолдим. У ичкаридаги ИИБ ходимларига “Фуқаро пичоқ кўтариб мени қувлади”, дебди. У пайтда менда умуман ўткир жисмли қурол бўлмаган. Шундан сўнг 3-4 нафар формали ходим ташқарига чиқиб, мени уриб, қўлимга кишан солиб, ичкарига олиб кириб кетишди”, дея таъкидлаган Абдулаҳад Ўрмонов. 

Жабрланувчига кўра, ичкарида унинг қўлларидан кишан ечилмаган, ходимлар эшикнинг тагида, камера йўқ жойда уни икки марта кўтариб, бел ва тос қисми билан бетонга ташлашган.

Кейин бошқа бир хонага олиб кириб, учаласи дубинка ва электрошок ишлатиб, қийнашди. Навбат билан мени кўтариб полга ташлашди. Ўшанда нафас етмай қолиб, ичимда оғриқ пайдо бўлди. Ходимлар бир амаллаб бинонинг олд ҳовлисига олиб чиқишди. Назоратчи охрана мени камера йўқ жойга ўтқазиб қўйди. Ундан сув сўрасам, “Сувни урганлар беради”, деди. Сал ўтиб, бошқа бир ходим бинонинг орқа тарафига олиб ўтиб, роса қийнади. Мен анча эзилдим, Худо ҳаққи, ниҳоятда азобландим, ичларим тўкилиб кетгандек бўлди. Ўтқазиб турғизди, эрмак қилди