Нью-Йорк собиқ мэри ва Bloomberg ахборот агентлиги асосчиси Майкл Блумберг АҚШ президентлигига ўз номзодини қўймоқчи. Бу Американи тарихда иккинчи марта Forbes рўйхати аъзоси бошқариши мумкин деганидир.
Вакиллар палатасининг собиқ спикери демократ Томас О'Ниллнинг «all politics is local» ибораси кейинчалик Америка сиёсатини таҳлил қилишда экспертлар томонидан кенг қўлланила бошлади. Буни сўзма-сўз "барча сиёсатлар маҳаллий" деб таржима қилиш мумкин, бу америкаликлар ва Қўшма Штатлар фалсафасини аниқ ифодалайди.
Жеймс Мэдисон ва Александр Гамильтон фақат ташқи сиёсат ички имкониятларни амалга ошириш жиҳози бўлиши керак, деб ҳисоблашган. Халқаро фаолият асосида эса ғоявий эмас, савдо манфаатлари ётиши керак.
«All politics is local» формуласи шунингдек ички сиёсий жараённинг узлуксизлигини билдиради, яъни бунда сайловларда эндигина ғалаба қозонган ҳар бир сиёсатчи эртаси кундан қайта сайланиш бўйича бўлғуси кампаниясини режалаштира бошлайди. Икки йирик воқеа - ноябрь ойидаги Конгресснинг оралиқ сайловлари ва 2020 йилдаги президентлик пойгасига тайёрланаётган демократ ва республикачилар айнан шунлай вазиятдалар.
Мураккаб сиёсий тузилмага ҳар қандай ўзгаришлар таъсир қилиши мумкин, бу ҳам Капитолийдаги республикачилар, ҳам президент Дональд Трамп (Forbes глобал рейтингида №766, молиявий ҳолати - 3,1 миллиард доллар) учун қимматга тушиши мумкин.

Оқ уйнинг амалдаги раҳбарининг рейтинглари ҳавас қиларли даражада эмас. Бир томондан, у солиқларни камайтириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчини ҳимоялаш ва ишчи ўринларни ошириш имконини берувчи иқтисодиётни муҳофаза қилишга қаратилган сиёсати туфайли аҳолининг каттагина қисми томонидан қўллаб-қувватланади. Бошқа томондан эса, республикачилар вакили муҳожирларга бўлган муносабати ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги тушунарсиз позицияси сабаб кўплаб ҳужумлардан ҳимояланишига тўғри келмоқда.
Бундан ташқари, Трамп аввалгидек 2016 йилги президентлик сайловларига хорижий агентларнинг таъсирига доир терговлар билан шуғулланаётган махсус "Мюллер комиссияси" нишони остида. Республика партияси ҳам энг яхши сиёсий формада эмас. Сенатда кўпчиликни йўқотиш эҳтимоли мавжудлигини инобатга олсак, республикачиларнинг тажриба қилиши амри маҳол. Улар юқори эҳтимол билан ўз ресурсларини Трампнинг атрофида бирлаштиришади. Хиллари Клинтоннинг мағлубиятидан кейин Оқ уйни қўлдан чиқарган демократлар ўз навбатида янги халоскор излашмоқда.
















