Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Фарғонадаги мактаб масаласи: янги ҳоким бу муаммони ҳал эта оладими?
Ҳар бир инсоннинг шахс сифатида шаклланишида таълим-тарбиянинг ўрни беқиёс. Бу юксалиш жараёнида, аввало, ота-она тарбияси, сўнгра мактабдаги таълим муҳим аҳамият касб этади.
KUN.UZ таҳририятига келган навбатдаги мурожаат Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида истиқомат қилувчилардан юборилган. Мурожаат мазмуни ҳалқимиз учун муқаддас даргоҳ саналган мактабга нисбатан беҳурматлик қилинаётгани ҳақида. Муаммони батафсил ўрганиш мақсадида мактубда кўрсатилган манзилга ташриф буюрдик.
Ташриф давомида бизга Ўзбекистон Либерал Демократик Партияси вакили Йўлчибой Исмоилов ҳамкорлик қилди. Унинг сўзларига кўра, қишлоқ болалари таълим олиш мақсадида хавфли ҳудудларни босиб ўтиб мактабларга боришга мажбур. 2010 йилдан бошлаб бу ердаги аҳоли янги мактаб қуриш ташаббуси билан ҳаракат бошлаган.
- Биринчи бўлиб 360 ўринли мактаб қурилиши учун чет эл инвестицияси - “Ислом тараққиёт банки”дан олиниши ҳақида ваъдалар олган эдик. 2016 йилга келиб 215 ўринли мактаб қурилишини айтишди. 2017 йилда 120 ўринли филиал мактаб ташкил этилди. Шунгаям хурсанд бўлдик, чунки 4-синфгача фарзандларимиз хавф-хатарларни босиб ўтиб мактабга бориш муаммоси ҳал этилди, - дейди Йўлчибой ака.

Гувоҳи бўлдикки, мазкур таълим даргоҳи ҳудудида ноқонуний равишда мактабга қўшни бўлган Я. Ш. ўзбошимчалик билан молхона қуриб олган. Йўлчибой ака берган материаллари бўйича 2017 йилнинг 4 октябрь санасида Президент Девони қабулхонасига мурожаат этилган. Масала ўрганилиб, ердан фойдаланиш ва шаҳарсозлик қоидалари бузилганлиги сабабли Учкўприк туман ҳокимлигидан огоҳлантириш берилади. Маълум вақт ўтгандан сўнг, 26 октябрь санасида туман ҳокими хат ҳам юборади. 30 октябрда Фарғона вилоят ҳокимияти томонидан ҳам огоҳлантирилади.

Мутасадди идоралар томонидан огоҳлантиришларга қарамай ўзбошимча фуқаро ер майдонини бўшатиб бермаган. Шундан сўнг, вилоят ҳокимияти томонидан фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро судига даъво аризаси киритилади. Фуқаролик судининг ҳал қилув қарорида ҳам фуқаро ўзининг ҳисобидан бузиш кўзда тутилган. Аммо фуқаро томонидан бу иш амалга оширилмаган. Оқибатда туман ички ишлар бўлими бошлиғи, сектор раҳбари ўз ҳисобидан бузишни амалга оширган.
- Агар шу одам ўзи бузишни амалга оширмаганда, туман ҳокими (ҳозирда ишдан олинган) бу ишларни қила олмас эди. Бу ҳоким устидан Фарғона вилоят ҳокимига арз қилдик. Аммо арзларимиз эътиборсиз қолдирилди.
Ноқонуний молхона қурилган жойда болалар учун ҳожатхона қурилиши лозим эди. Аммо, молхона сабаб спорт майдончаси учун белгиланган жойда қуришга мажбур бўлдик, - деб таъкидлаб ўтди ЎзЛиДеП вакили Йўлчибой Исмоилов. - Шундан сўнг, ўша вақтда ҳали ўз лавозимида бўлган Учкўприк туман ҳокими томон йўл олдик. Ҳоким (собиқ) билан учрашганимизда бизнинг мурожаатимизга ҳам аҳолининг эътирозига ҳам эътибор қаратмади. Негадир, ҳокимиятнинг бошқа мансабдор шахслари ҳам бу бўйича тушунтириш беришни исташмади.

Бошқа юқори турувчи ташкилотлар билан боғланишга ҳаракат қилган-қилмаганлиги билан қизиқдик. “Ҳозирги кунда бу мактабимизда болаларимиз учун спорт майдончаси йўқ. Инжиниринг компаниялари билан гаплашган эдик, энди шу молхона ҳудудига қуриш мумкинлигини айтишди. Фарзандиларимиз тўғри ўссин, жисмонан соғлом бўлишсин деб спорт майдончаси қуриб беришни сўраган эдик. Вилоят хокимига боғланишга ҳам муваффақ бўлдик. Аммо у киши бунга эътибор қаратмади”, дейди Йўлчибой ака.
“Ҳозирги кунда Фарғона вилоят Учкўприк туманига янги ҳоким тайинланган. Биз туманимиз янги ҳокимидан мактабимиз қурилишидаги камчиликларни тўғрилашга ва спорт майдончасини қуришда амалий ёрдам қилинишини кутиб қоламиз. Шунингдек, қурилиш ишларини халқ ҳомийлиги асосида қилишга тайёрлигимизни билдирамиз”, деб умид қилди Йўлчибой Исмоилов.
KUN.UZ таҳририяти мактаб масаласи жамиятимиздаги энг муҳим жабҳа эканлигини англаган ҳолда юқоридаги муаммолар тез орада ҳал этилишига ишониб қолади.
Баҳодир Ахмедов
Мавзуга оид
08:24 / 04.06.2026
Фарғонада мембранали сув ҳавзасида бир киши чўкиб кетди
16:15 / 23.05.2026
“Мақсад сари” шина тортган бола: унинг отасига чора кўрилиши мумкин
08:24 / 20.05.2026
Фарғона ва Наманганда йирик миқдордаги наркотик моддалар мусодара қилинди
11:41 / 19.05.2026