Жамият | 15:22 / 06.07.2018
9536
4 дақиқада ўқилади

Ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида “Халқаро ёзги мактаб” ташкил этилди

Ҳозирги кунда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида ер ва сув ресурсларини бошқаришда замонавий Геоахборот тизимлари (ГАТ)дан фойдаланиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бундай тизимдан фойдаланиш мутахассисдан чуқур билим ва замонавий компьютер дастурларидан фаол фойдаланишни талаб этади. 

Шу мақсадда жорий йилнинг 25 июнь - 4 июль кунларида Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида Халқаро сув ресурсларини бошқариш (IWMI) институти билан ҳамкорликда “ГАТ асослари ва унинг ер-сув ресурсларини бошқаришдаги имкониятлари” мавзусида Ўрта Осиё республикаларида қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасида таълим олаётган талаба-магистрантлар ва мутахассислар учун халқаро ёзги мактаб ташкил этилди. Макзур мактабга Қозоғистон миллий аграр университети, Тожикистон давлат аграр университети ҳамда республикамиздан ТИҚХММИ, Ўзбекистон Миллий университети талабалари, Ўзгидромет маркази мутахассислари тингловчи сифатида қабул қилинди. 

Тингловчилар таҳсил давомида ГАТ асослари, космик тасвирларни (Landsat, Sentinel, Modis) рақамлаш, ҳудудларнинг ер ва сув маълумотларини таҳлил қилиш, ер қатламини таснифлаш, Google Earth, SAS Planet маълумотларини QGIS да шакллантириш бўйича муайян кўникма ва малакаларга эга бўлишди. Бу ўз навбатида бўлажак мутахассисларнинг эгаллаётган соҳаларини янада чуқурроқ замонавий билимларга эга бўлишини таъминлашга катта ҳисса қўшади. Ушбу ёзги мактаб IWMI ташкилотининг етакчи ГИС мутахассиси Зафар Ғофуров бошчилигидаги тренерлар томонидан олиб борилди.

Халқаро ёзги мактабда тингловчилар учун қулай шароитлар яратилиб, дарслардан бўш вақтларида Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор тарихий обидаларига саёҳатлар, театрларга ташрифлар уюштирилди. 

Курснинг ташкил этилиши бўйича тингловчилар қуйидаги фикрларни билдиришди:

Лайло Саидмахмудова (Ўзгидромет маркази мутахасисси): "Маълумки, ҳозирги даврда ҳар бир соҳага инновациялар жадаллик билан кириб бормоқда. Об-ҳаво ва иқлимий маълумотлар билан халқ хўжалигининг турли соҳаларини тезкор таъминлашда масофавий зонтлашнинг замонавий усулларидан фойдаланиш даркор. Ушбу тренингда биз олган фойдали маълумотларимиз келгуси илмий-амалий ишларимизда самарали хизмат қилади".

Ғоипов Бахтовар (Тожикистон давлат аграр университети катта ўқитувчиси) – "Ўзбекистон Республикаси пойтахти Тошкент шаҳрига келганимдан жуда ҳам хурсандман. Ёзги мактабни ташкил қилган ТИҚХММИ раҳбариятига ҳамда дарсларни олиб борган IWMI ҳодимларига ўз миннатдорчилигимни билдириб қоламан. Ҳозирги кунда ГАТ жуда ҳам замонавий технология ҳисобланиб айниқса, бизни геоинформатика соҳасига жуда ҳам зарур ва фойдали ҳисобланади. Бу 10 кунлик ёзги мактабда жуда ҳам фойдали маълумотларга эга бўлиш билан биргаликда гўзал Тошкент шаҳрини ва тарихий қадриятларга бой  Самарқандни айланишга мушарраф бўлдим. Келажакда ушбу ёзги мактабда олган билимларимни амалда қўллаб, ўз мамлакатимиз ривожига ҳисса қушиш умидидаман".

Хайранов Тофик (Қозоғистон миллий аграр университети талабаси) – "Тошкент шаҳрига келганимдан жуда ҳам мамнун бўлдим. Бу сафар дарслар жуда унумдор ва қизиқарли ўтмоқда. Ёзги мактаб дарслари жараёнида ГАТ технологиялари ва уни қўллаш усуллари ҳақида маълумотларга эга бўлдим. Шу билан бирга, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини зиёрат қилдим ва бу менда катта таассурот қолдирди. Бу диёрга яна бир бор келишдан хурсанд бўлар эдим".

Курс якуни  бўйича тингловчиларга дастур ва фанларни ўзлаштирганликлари тўғрисида сертификатлар топширилди.

ТИҚХММИда Халқаро сув ресурсларини бошқариш (IWMI) институти билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу халқаро ёзги мактаб келгуси йилларда ер ва сув ресурсларини бошқаришда замонавий илғор усуллардан фойдаланишга бағишланган халқаро курсларни кўпайтириш, уларнинг самарадорлигини янада ошириш, шунингдек, ОТМлар ва халқаро институтлар билан интеграциясини жадаллаштиришни ўз олдига мақсад қилган.

Мавзуга оид