Жамият | 19:00 / 10.07.2018
40333
3 дақиқада ўқилади

Прокуратура таълим тизимидаги порахўрлик билан боғлиқ 83та жиноий иш қўзғатди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти 2018 йил биринчи ярим йиллигида таълим тизимидаги коррупция ва порахўрлик, таъмагирлик билан боғлиқ 83та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатди. 

Хусусан, Тошкентдаги 247-мактаб директори 1-синфга қабул қилишни 500 минг сўм деб баҳолади. У пора олаётган вақтда қўлга олинди. Таълим муассасасини тижорий фойда олиш масканига айлантиришни нафақат ўқитувчилар, балки талабалар ҳам хоҳламоқда. 

Чилонзор тиббиёт коллежининг 1-курс талабаси Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши департамент ходимлари томонидан ушланди. У 500 доллар эвазига таниши орқали унга мурожаат қилган фуқарони иккинчи мутахассислик бўйича ўқишга жойлашга ваъда берган. 

Департамент ходимлари томонидан олий таълим тизимида ҳам коррупция ва порахўрлик ҳолатларини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, фуқаролар Тўлаганова ва Тошпўлатова 15 минг доллар эвазига Тошкент педиатрия институтига жойлаб қўйишни ваъда қилиб, пора олаётган вақтда қўлга олинишди. 

Бундан ташқари Тошкент давлат педагогика университети лаборанти Бобоев 8 минг АҚШ доллари олаётганда қўлга тушди. У ўзига мурожаат қилганлардан бирини жисмоний тарбия факультетига муаммосиз киритиб қўйишини айтган. 

Ушбу ОТМнинг яна бир ходими, кафедра доценти Аҳмадалиев олий ўқув юртига кириш учун “беғараз” ёрдамини 4 минг долларга баҳолаган. 

Ажабланарлиси, Тошкент давлат техника университетига умуман алоқаси бўлмаган фуқаро Хўжақулова 8 минг доллар ҳисобига мазкур таълим даргоҳига бюджет бўйича ўқишга киритиб қўйишини айтган. 

Албатта, бу каби ҳолатлар фақат Тошкент шаҳрида юз бераяпти, деб ўйлаш нотўғри бўлар эди. Қорақалпоғистон давлат университети ўзбек тили филологияси декани Ҳамро Абдуллаев абитуриентлардан бирига ижодий имтиҳонда энг юқори балл қўйишни 4,5 минг долларга баҳолаб, 200 доллар аванс олаётган вақтда ушланди. 

Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида шу каби ҳолатлар бўйича 83 та жиноий иш қўзғатилган. Шундан 16таси ўрта таълим масканларида, 31та ОТМда, 36таси академик лицейлар ва коллежларда содир этилган. 

Таҳлилларнинг кўрсатишича, таълим тизимидаги порахўрлик ОТМга ҳужжатлар қабул қилишнинг бошланғич даврига тўғри келади. Жумладан, январда 5та, февралда 16та, мартда  11та, апрелда 10та, майда 16та ва ёз мавсуми бошланганидан буён 2 та ҳолат аниқланди.

Мавзуга оид