Ахборот технологиялари бўйича мутахассис – дунёдаги ва Ўзбекистондаги энг талабгор касблардан биридир. Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Аҳмадхўжаев ОАВга интервью берар экан, Ўзбекистонга ярим миллиондан ортиқ АКТ соҳасидаги мутахассислар кераклигини таъкидлаб ўтди.

Ҳозирда деярли барча тармоқлар ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда ўз фаолиятини юритади. Ўзбекистонда соҳа ривожига ҳамда инсонлар ҳаётини енгиллаштириш учун тақдим этилаётган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида инновацион ечимларни татбиқ этиш сифатини яхшилашга катта эътибор қаратмоқда.
Ахборот технологиялари коммуникацияда, бошқарув соҳасида, банк ишида кенг қўлланилади, уларнинг асосида таълим дастурлари, геологик-қидирув ва ресурсларни қазиб олиш, замонавий саноатда, тиббиётда, хавфсизликни таъминлашда зарур бўлган юқори технологиялар ишлаб чиқилади ва тадбиқ этилади.
Турли соҳаларда ахборот технологияларидан фойдаланиш тобора кенгайиб бормоқда. Бу эса IT-мутахассисларнинг хизматига бўлган талабнинг ортиб бораётганидан даракдир.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университети IT-мутахассисларни тайёрлаш бўйича етакчи олий ўқув юртларидан бири ҳисобланади.
Бу йил университет биринчи қалдирғочларини учирма қилишига қарамай, олий ўқув юртининг талабаларига талаб жудаям катта. Барча битирувчилар ўз мутахассисликлари бўйича ишга жойлашишган. Улар Datasite Technology, «Асака банк», KDB Bank, Fido-biznes, Uztransgaz, «Ипотека-банк», Green White Solutions, UZINFOCOM ва шу каби компанияларда меҳнат қилишмоқда.
Иккинчи ва учинчи босқич талабалари давлат ва хусусий компанияларда турли хил лойиҳалар устида ишлашмоқда. Бу эса уларга шартнома пулининг бир қисмини қоплаш имконини беради.

Қайд этамиз, айрим хорижий ва маҳаллий компаниялар ўзлари учун аввалдан мутахассислар тайёрлашмоқда. Мисол учун «ЛУКОЙЛ», Huawei, Da Vinci Solutions, «Ўзагросуғурта», Eriell Corporation, «Ўзтелеком», Фарғона НҚИЗ ва бошқалар талабаларга биринчи босқичдан бошлаб шартнома пулини тўлаб бериб, ўзлари учун мутахассис тайёрлашмоқда.
Университет талабалари йирик давлат дастурлари ва лойиҳаларида ҳам иштирок этишмоқда. Тошкент шаҳридаги Инҳа университети талабаларидан ташкил топган “Fizmasoft” жамоаси “Хавфсиз шаҳар” дастурини амалга оширишда қатнашмоқда.











