Жаҳон | 21:07 / 11.07.2018
4735
2 дақиқада ўқилади

Трамп Меркель билан мудофаа харажатлари ҳақида гаплашиб олди

© REUTERS / Kevin Lamarque

АҚШ президенти Дональд Трамп ва Германия канцлери Ангела Меркель мудофаа харажатлари ва савдо масалаларини муҳокама қилишди. Бу ҳақда «Риа Новости» хабар бермоқда.

Учрашув Бельгия пойтахти Брюссель шаҳрида 11-12-июнь кунлари бўлиб ўтадиган НАТО саммити доирасида ташкиллаштирилди. Дональд Трамп Германия билан савдо алоқаларининг кенгайишига умид билдирди.

«Биз савдо ҳақида гаплашдик. Канцлер билан муносабатларимиз жуда яхши, Германия билан ажойиб алоқаларга эгамиз... Аминманки, ўртамиздаги савдо ҳажми янада ортади», дея учрашув якуни ҳақида баёнот берди Трамп журналистларга. Шунингдек, у Меркель билан мудофаа харажатларини ҳам муҳокама қилганини айтиб ўтди.

АҚШ президенти бир неча марта альянс давлатларини 2014 йилда Бухарестда имзоланган ЯИМнинг 2 фоизини мудофаага ажратиш тўғрисидаги келишув шартларини бажаришга чақирган. Акс ҳолда, аъзо давлатлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича умумий дастурларда АҚШ иштирокини камайтириш билан таҳдид қилиб келади.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трампнинг НАТО саммитига иштирок этиш учун Брюсселга ташриф буюргани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид