Жамият | 23:14 / 12.07.2018
24419
3 дақиқада ўқилади

 Учқудуқда ашаддий жиноятчига суд ҳукми ўқилди

2018 йилнинг апрель ойида жиноят ишлари бўйича Навоий вилоятининг Учқудуқ туман судида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Суд Ж.Каримов раислигида ўтказилди. Судланувчи Қаршиев Жамшид Астанақуловичга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Аниқланишича, судланувчи Ж.Қаршиев  2018 йилнинг февраль ойи давомида бир қанча жиноятларга қўл урган. Йўл кира ҳақини бермай жанжал чиқариб, такси ҳайдовчиси А.Рахмоновга “Соғликнинг бузилишига олиб келган енгил тан жароҳати” етказган. Шунингдек, таниши Учқудуқ тумани “Йўлчилар” овул фуқаролар йиғини, 330-уйда яшовчи Норов Аббос Шукуриллаевичнинг яшаш ҳовлисига бирга спиртли ичимлик истеъмол қилиш мақсадида бориб, хонадонда А.Норовни ухлаб ётганлигини кўриб, унинг хонасига ғайриқонуний равишда кириб, хонада бўлган бозор нархи 600.000 сўмлик “Samsung J-1” русумли телефонини яширин равишда ўғирлаган. Бундан ташқари,  А.Норовга тегишли “Нексия” русумли 80 Р 454 НА давлат белгили автомашинасини олиб қочиб, автомашинадаги жами 670.000 сўм нақд пулларни яширин равишда талон-тарож қилган.

Суд айбланувчи Ж.Қаршиевга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш), 169-моддаси 3-қисми “а” банди (ўғирлик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) ва 267-моддаси 1-қисмида (транспорт воситасини олиб қочиш) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбли, деб топилди. Шунингдек, ЖКнинг 59-моддасига (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) асосан, тайинланган жазоларни қисман қўшишлик йўли билан ўташлик учун қатъий 4 (тўрт) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукмдан норози томонлар ҳукм эълон килинган кундан, судланувчи ва жабрланувчилар эса ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб ўн сутка муддат ичида шу суд орқали жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят судига апелляция тартибида, ҳукм қонуний кучга киргач кассация тартибида шикоят ёки протест келтириш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид