Жамият | 16:00 / 13.07.2018
12522
3 дақиқада ўқилади

“Гранд Фарм Трайд” андижонлик 232 нафар коллеж битирувчисига ўқув курси ва 1 миллиондан ортиқ маош билан иш таклиф қилди

Дарҳақиқат, Андижон тиббиёт коллежида бўлиб ўтган йиғилиш давомида ўзгача ва самарали лойиҳанинг гувоҳи бўлдик.

Андижон вилоятида фаолият юритаётган бешта тиббиёт коллежларини жорий ўқув йилида 593 нафар талаба, фармацевтика йўналиши бўйича битиради.

Йирик дорихоналар тармоғи ҳамда улгуржи ва чакана савдо учун дори воситалари дистрибьютер компанияси бўлган “Гранд Фарм Трайд” жамияти ўз йўналишида диплом эгаси бўлаётган ва иш жойи аниқ бўлмаган ҳудуддаги барча битирувчиларни ишга қабул қилишини билдирди.

“Гранд Фарм Трайд” 232 нафар битирувчилар учун 1 ойлик ўқув курслари ташкил қилади. Унда битирувчилар, юқори даражада фармацевтик хизмат сирлари, муомала маданияти, компьютер саводхонлиги ва PILL POS дастурини ўрганадилар. Таъкидлаб ўтиш жоиз, компания курс давомида ўқувчиларни 500 минг сўм стипендия, бепул тушлик ва йўлкира харажати билан таъминлайди.

“Менинг сўзларимни муболағага йўйишлари ҳам мумкин. Кўпчилик инсонлар тадбиркорликнинг асл мақсади катта маблағ топишдан иборат, деб ўйлашади. Тўғри, тадбиркор маблағ топади ва шу билан биргаликда инсонлар турмуш фаровонлигини яхшилашга ҳам хизмат қилади.

Юрт раҳбарининг ёшларга бераётган эътиборидан руҳланиб, вилоят ҳокимлиги ва вилоят касб-ҳунар таълими бошқармаси билан биргаликда янги лойиҳага қўл урдик. Ўзбекистондаги мавжуд 5500 та дорихоналарнинг деярли 70 фоизи билан ҳамкорлик қилувчи компаниямиз ўз тармоғидаги дорихоналар тизими учун ходимлар олишни ўзгача тарзда амалга оширмоқчи. Республиканинг етакчи мутахассисларини жалб этган ҳолда 232 нафар битирувчини курсларда тайёрлаб, 800 минг сўмдан 1 млн сўмгача бўлган маош билан таъминланадиган иш жойига таклиф этамиз”,- дейди “Гран Фарм” жамияти Фарғона водийси бўйича директори Қаҳрамон Отахонов.

Тадбир давомида битирувчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Элмурод Эрматов, Андижон

KUN.UZ мухбири

Мавзуга оид