Жамият | 20:19 / 14.07.2018
10029
2 дақиқада ўқилади

ИИББ сохта электр тармоғи инспекторини фош этди

Иллюстратив фото/РИА URA.RU

Юнусобод туманидаги дўконнинг эгаси ярим йил давомида электр энергияси учун тўловларни ўзини электр энергияси бўйича туман инспектори деб таништирган шахсга тўлаб келган эди. Агар хизматнинг ҳақиқий ходими келиб, воқеага ойдинлик киритмаганида бу ҳолат яна қанча давом этарди, номаълум!

Тошкент шаҳар ИИББ хабарига кўра, 1973 йилда туғилган Улуғбек М. 2017 йилнинг июль ойигача электр Юнусобод тумани электр таъминоти корхонасида ишлаб келган. Ишдан бўшагач, хизмат гувоҳномасини топширмаган ва сохта ходим сифатида аввалги мижозларнинг биридан электр учун пул ундириб келган.

Биринчи ана шундай ҳолат 2018 йилнинг 10 январида содир бўлганди. Ўшанда дўкон эгаси Абдували И. чироқ учун 200 минг сўм тўлаган. Улуғбекнинг сўзларига кўра, февраль ойида «тўловлар бироз кўтарилган» ва энди у ойига 250 минг сўмдан «тўлов»ларни қабул қила бошлаган. Шу тариқа, Абдували ҳар ойнинг 10-санасида сохта инспекторга айтган пулини бериб келган. Табиийки, Улуғбек бу пулларни кассага тўламаган, ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.

Қизиқ томони, жабрланувчини инспекторнинг тўловни амалга оширганлик тўғрисидаги квитанцияни бермагани ҳам шубҳа уйғотмаган, хавотирга солмаган. Унинг ишонувчанлигидан фойдаланган ҳуқуқбузар Улуғбек каттароқ суммани ундиришга қарор қилган ва апрел ойида шартнома қайта имзолаш лозимлигини айтиб, 1 миллион 200 минг сўм олган.

Абдувалининг олдига ҳақиқий туман электр тармоқлари ходими келиб унинг қарздорлиги ҳақида маълум қилганида, ёлғоннинг таги очилди. Ҳолат бўйича, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси («Фирибгарлик») билан жиноий иш очилди. Олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида ҳуқуқбузарнинг шахси аниқланди. Тергов жараёни вақтида суд гумондорни гаров эвазига озодликда қолиши ҳақида қарор қилди. Ҳозирда Улуғбекнинг шунга ўхшаш бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Мавзуга оид