Ўзбекистон | 20:10 / 15.07.2018
10239
5 дақиқада ўқилади

Жаҳон банки вице-президенти Ўзбекистонда амалга ошириладиган лойиҳалар ҳақида маълумот берди

Фото: ЎзА

Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё ҳудуди бўйича вице-президенти Сирил Мюллер Ўзбекистон Республикаси президенти матбуот хизматига интервью берди. Унда дунёнинг нуфузли молиявий ташкилоти билан Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик масалалари, амалга оширилаётган лойиҳалар ва келгуси режалар ҳақида маълумот қилинди. Суҳбат журналист Сергей Алибаев томонидан олиб борилди.

— Жаноб Мюллер, президент Шавкат Мирзиёев билан бўлган учрашувда ҳамкорликнинг қайси йўналишлари муҳокама қилинди?

— Президент Мирзиёев билан бўлган суҳбатда биз Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини муҳокама қилдик. Сўнгги 12 ой ичида биз бу мамлакатда умумий қиймати 1,7 миллиард долларга тенг лойиҳаларни амалга оширдик. Бу Ўзбекистон билан Жаҳон банки ҳамкорлиги доирасидаги рекорд қийматдир.

Шунингдек, президент Мирзиёев билан бўлган суҳбатда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар дастури, шунингдек, боғдорчилик, ирригация ва энергетика тизимини ривожлантириш лойиҳаларини муҳокама қилдик. Энг асосий жиҳати бу дастурлар доирасида олдинга силжиш борлигини қайд қилдик.

— Ўзбекистон ва Жаҳон банки ўртасидаги ҳамкорлик доирасида жами 39та лойиҳа тайёрланган. Уларни имтиёзли молиялаштиришга 4,4 миллиард доллар жалб қилинган, 2020 йилгача мўлжалланган ҳамкорлик дастури қабул қилинган. Муҳим лойиҳалар ҳақида гапириб берсангиз.

— Лойиҳалар тўғрисида гапирар эканмиз, 2та асосий жиҳатга эътибор қаратишни лозим кўраман. Ўзбекистон ёш мустақил давлат ҳисобланади. Шу жиҳатдан олиб қаралса, Жаҳон банки учун таълим ва тиббиёт соҳасидаги дастурларни амалга ошириш, яъни, инсон капиталига инвестиция киритиш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, биз Ўзбекистонда олий таълим тизимини ислоҳ қилишга ҳам кўмаклашамиз. Мактабгача таълим соҳасини ислоҳ қилиш лойиҳаси ҳам маъқулланиш арафасида турибди. Иккинчи жиҳати, биз инфратузилмани ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларга эътибор қаратамиз. Бундан ташқари, қишлоқ ҳаёти ва аҳолисига оид дастурларни ривожлантиришга ёрдам бериб, уларни молиялаштирмоқчимиз.

— Жаҳон банки президент Мирзиёев томонидан олиб борилаётган турли соҳалардаги ислоҳотларга юқори баҳо берди. Бундан ташқари, банкнинг етакчи мутахассислари солиқ концепциясини ишлаб чиқишда ҳам ёрдам беришди. Иқтисодий ҳамкорлик кенгаши тузиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Президентнинг кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш ва мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ташаббусини қандай баҳолайсиз?

— Жаҳон банки ҳар йили бизнес муҳити бўйича рейтингни чоп этиб боради. Ўтган йиллари Ўзбекистон бу рейтингда 100-ўринда эди, айни пайтда 70-80 ўринлар орасига кўтарилди. Умид қиламизки, Ўзбекистон бу рейтингдаги ўрнини янада яхшилаб боради. Кичик ва ўрта бизнес ўзини жуда яхши ҳис қилиши жуда муҳим. Албатта булар янги иш ўринларининг яратилишига олиб келади. Ўзбекистонда бизнес учун яратилган муҳит жуда ҳайратга солмоқда. Ўзбекистон иқтисодиётида 5% ўсиш кузатилмоқда. Биз иқтисодиётнинг ўсиши учун зарур бўлган ёрдамни кўрсатишга тайёрмиз.

— Жаҳон банки билан ҳамкорликдаги асосий йўналишлардан бири қишлоқ хўжалиги экани айтилди. Ўзбекистон аграр соҳасида юқори технологияли кластерларни яратиш, маҳсулотларни қайта ишлашни йўлга қўйиш, менежмент ва логистикани яхшилашга жиддий эътибор қаратади. Бу йўналишда қандай лойиҳалар кўзда тутилган?

— Қишлоқ хўжалиги - иқтисодиётнинг ўсишини таъминловчи жуда катта соҳадир. Бу соҳа Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади. Биз боғдорчилик, мева ва сабзавотлар етиштириш соҳасига чуқур эътибор қаратяпмиз. Бу соҳада фермерлар учун молиявий ресурсларга йўл очиб бериш муҳим аҳамият касб этади. Бундан ташқари, соҳа ривожланишига катта таъсир қилувчи логистика ҳам бор. Бизнинг мақсадимиз - фермерлар учун молиявий ресурсларга эга бўлиш йўлларини кўпайтиришдир ва енгиллаштиришдир.

— Ўз ташрифингиз давомида Халқаро иқтисодиёт ва дипломатия университети талабалари билан учрашдингиз, маъруза ўқидингиз. Ўзбекистон ёшларининг салоҳиятини, уларнинг мамлакатни модернизация қилишдаги ролини қандай баҳолайсиз?

— Биз у ёки бу мамлакатни нималар бой қилишини таҳлил қилиб чиқдик. Бу бойликнинг асосий қисмини инсон капитали эгаллаб туради. Инсон капиталига бўлган инвестиция мамлакат тараққиётининг муҳим негизини ташкил қилади. Ўзбекистон эса инсон капитали бўйича катта ресурсларга эга. Ўз маърузамда мана шу жиҳатларни айтиб ўтганман. Ўзбекистон ёш давлат, бу ерда меҳнат бозори тўйинган. Ўзбекистон ёшлари эса ривожланиш двигатели, тараққиёт локомотиви  бўлиб хизмат қилишга қодир. Бунга ишончим комил.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид