Жаҳон | 23:50 / 16.07.2018
39975
3 дақиқада ўқилади

«Биз яхши гаплашдик, Дональдга раҳмат». Трамп ва Путиннинг матбуот анжуманидан асосий гаплар

Фото: Валерий Шарифулин/ТАСС

Финляндия пойтахти Хельсинкида Дональд Трамп ва Владимир Путиннинг илк тўлиқ форматли учрашуви бўлиб ўтди. Бунгача икки президент ўтган йил кузида Ҳамбургда бўлиб ўтган G20 саммитида ҳамда кузда Вьетнамда ўтказилган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти саммити доирасида учрашганди.

Икки сиёсатчининг тет-а-тет форматидаги учрашуви икки соатга яқин вақт давом этди. Шундан кейин томонлар матбуот анжуманида қатнашишди. Қуйида анжуманда айтилган асосий сўзлар келтирилади.

Владимир Путин. Ҳеч кимга ишониб бўлмайди. Трамп менга ишониши, мен унга тўлиқ ишонишим ҳақидаги гапни қаердан олдингиз? Мен Россия манфаатларини ҳимоя қиламан, у — АҚШ манфаатларини ҳимоя қилади. Трамп яна бир бор Америка сайловлари хусусида тўхталди, мен яна бир бор биз ҳеч қайси сайловга аралашмаганимизни такрорлашга мажбур бўлдим. Мен ўзим разведкада хизмат қилганман — мен махсус хизматларнинг ҳисоботлари қандай ёзилишини жуда яхши биламан.

Бизда 1999 йили имзоланган жиноий ишларда ўзаро ёрдам бериш бўйича келишув мавжуд. Биз америкаликларга сайловларга аралашганликда гумон қилинаётган махсус хизматларимиз ходимларини сўроқ қилишларида ёрдам кўрсатишга тайёрмиз. Аммо биз ҳам ўзимизга керакли одамларни сўроқ қилишимиз, барчасини батафсил билишимиз керак — масалан, Hermitage Capital компанияси ва Уильям Браудерни. Америкаликлар томонидан айблов қўйилган Россия разведка бошқармасининг 12 ходими ҳақида ҳозирча ҳеч нарса билмайман. Барчасини демократик суд ҳал қилади!

Қачонки, Трамп президентликка номзод бўлганида, россияликлар унга симпатия билдиришганди. Мен ҳам унинг ғолиб чиқишини истагандим, чунки у Россия-Америка муносабатларини ривожлантириш тўғрисида гапирарди. Трамп Қримнинг қўшиб олинишини тан олишга шошилмаяпти, биз эса уни қайтаришга шошилмаймиз. Бу ажойиб учрашув бўлди, Дональдга катта раҳмат. Мана бу копток сизга!

Дональд Трамп. Мен Путинни ажойиб рақиб деб атайман — бу комплимент! Мен тинчликка эришиш учун ҳамма ишни қиламан, лекин менга ОАВ ва Демократик партия халал беради. Мен ўзимизнинг махсус хизматларга ишонаман, аммо Россия қачондир, қаердадир сайловга аралашгани бўйича аниқ далил борми? Нима учун менга ҳеч ким  Демократик партиянинг гўёки бузилган почтаси серверини кўрсатмайди? 33 мингта хат қани? Президент Путин менга жуда қаттиқ ишонч билан айтмоқдаки, аралашув бўлмаган. Бу иш бўйича текширувлар бизнинг муносабатларни бузмоқда. Умуман, муносабатлар ҳар қачонгидан ёмон аҳволга келганди. Аммо тўрт соат муқаддам, барчаси яхши томонга ўзгара бошлади.

Мавзуга оид