Ўзбекистон | 14:20 / 16.07.2018
23324
2 дақиқада ўқилади

Эркинжон Турдимов Самарқандда ишни Ёшлар маркази ва ОТМларга боришдан бошлади

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов ушбу лавозимга тайинланганидан бир кун ўтиб шаҳардаги ижтимоий соҳа объектларида амалга оширилаётган ишлар билан танишишга чиқди. Вилоят ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов ўзининг facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида шу ҳақда хабар қолдирган.

Вилоятнинг янги раҳбари ташриф буюрган илк объект Ёшлар маркази бўлди. 

Турдимов Ёшлар марказида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан яқиндан танишган ва зарур тавсияларни берган. Жумладан, марказ ёшларнинг эмин-эркин кириб-чиқишлари учун қулай бўлиши, бу ерда ёшлар ўзларини эркин ҳис қилиши учун барча шарт-шароит яратилиши лозимлигини таъкидлаган. 

Шундан сўнг вилоят ҳокими президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган «Ипак йўли» туризм халқаро университетида ташкил этилган қабул жараёни билан танишган ва ушбу муассасада яқин келажакда халқаро даражада таълим бериш учун нималарга аҳамият қаратиш лозимлиги ҳақида ўз фикрларини билдирган. 

Эркинжон Турдимов Самарқанд давлат университети педагогика факультетида олиб борилаётган қурилиш-ободонлаштириш ишлари ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази вилоят бўлимининг янги биносини қуриш учун мўлжалланган ҳудуд билан ҳам танишган.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

Эркинжон Турдимов 13 июль куни Самарқанд вилоятининг янги раҳбари этиб тасдиқланганди. У бу лавозимда порахўрлик билан қўлга тушган Туробжон Жўраев ўрнини эгаллади.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид