Технология | 20:20 / 16.07.2018
7188
2 дақиқада ўқилади

Германияда илк водород поездлар ҳаракатлана бошлайди

Фото: Alstom

Германия темир йўллари федерал бошқармаси мамлакатда Alstom француз компанияси томонидан ишлаб чиқилган Coradia iLint водород поездларидан фойдаланишга рухсат берди. Янги поездлар ёрдамида йўловчиларни ташиш ёз охирида бошланади.

Coradia iLint водород поезди Alstom томонидан 2016 йил сентябрда тақдим қилинган. У водород ёнилғи элементларида ишлайди. Поездда ёнилғи ячейкалари локомотив томида ўрнатилган. Улар томонидан ишлаб чиқариладиган электр энергия литий-ионли аккумулятор батареяларини қувватлаш учун қўлланади. Батареялардан эса ўз навбатида поезднинг барча борт тизимлари ва электр моторлари қувват олади.

Coradia iLint дунёдаги илк водород поезд бўлиб, тўлиқ қувватланганда 800 кмгача йўл боса олади. Икки йил аввал кўрсатилган прототип 300 йўловчини ташишга мўлжалланганди.  

Ҳозирча янги поездлар Германия шимолидаги темир йўлнинг электрлаштирилмаган қисмида қўлланади. Бунинг учун Alstom 14 та водород поезд етказиб беради. Поездларни етказишга шартномада уларга 30 йил давомида техник хизмат кўрсатиш кўзда тутилган.

2017 йил кузида Хитойнинг CRRC Tangshan корпорацияси Таншань шаҳрида водород ёнилғи элементларида ишловчи дунёдаги илк трамвайни ишга туширганди. Янги трамвай 136 йил аввал барпо этилган ва шаҳарнинг бир нечта саноат туманларини боғловчи трамвай йўналишида қатнай бошлаган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид