Жамият | 21:40 / 17.07.2018
22850
3 дақиқада ўқилади

Ўзини совчиман деб таништириб, жиноят қилган шахсга ҳукм ўқилди

2018 йил прель ойида жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судида судланувчи Хужамова Озодахон Мустафо қизига нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди. Суд А.Исаков раислигида ўтказилди. 

Фото: Kun.uz

Аниқланишича, судланувчи О.Хужамова илгари ҳам ўғирлик жинояти учун судланган. У хавфли рецидивист бўлгани ҳолда 2017 йил 27 август куни соат 13:00ларда Андижон шаҳрининг 3-кичик даҳаси, 4а-уй, 20-хонадонига гўёки ўзини совчи деб таништириб кириб, хонадон эгаси Ф.Рахимовага юқори қаватда яшовчи қўшнисини қизи борлиги, қайнонаси билан бирга қачон келишлари ҳақида сўраб беришни илтимос қилгани учун чиқиб кетганидан фойдаланиб, уни яшаш уйи ётоқхонасида бўлган шкафдан 400 АҚШ доллари, 6 дона аёллар ва 1 дона эркаклар тилла узукларини, 1 дона аёллар тилла қўл соатини жами нарҳи 30.000.000 сўмлик мулкларини яширин равишда ўғирлаган.

Бундан ташқари, у ўзининг жиноий ҳаракатларини давом эттириб, такроран 2017 йил 6 октябрь куни соат 13:00ларда Андижон шаҳрининг Шимолий кичик даҳаси, 24-уй, 38-хонадонига ўзини совчи деб таништириб, хонадон эгаси З.Абдазовани ювиниш хонасига кириб кетганлигидан фойдаланиб, унга тегишли 5.000.000 сўмлик “ Samsung Galaxy S7” русумли телефон аппаратини яширин равишда ўғирлаган. 

Шу билан биргаликда, у такроран 2017 йил 13 октябрь куни соат 16:00ларда Андижон шаҳрининг 2-кичик даҳаси, 18б-уй, 3-хонадонига яна ўзини совчи деб таништириб, хонадон эгаси Г.Ибрагимованинг ўғли О.Азимовни ташқарига чиқиб қайнонасини олиб киришини айтгани учун чиқиб кетганидан фойдаланиб, хонадондаги шкафдан 1 дона аёллар тилла занжири, 1 дона қизил кўзли узук, 2 дона оқ кўзлик сирғалари, 1 дона пахта ойли кулон, 3 дона тилла тишларни жами 5.000.000 сўмлик тилла-тақинчоқларни яширин равишда ўғирлаган.

Суд О.Хужамовага Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 169-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган (ўғрилик, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 60-моддаси (бир неча ҳукм юзасидан жазо тайинлаш) тартибида жиноят ишлари бўйича Булоқбоши туман судининг 2017 йил 10 октябрдаги ҳукми билан тайинланган жазони мазкур ҳукм билан тайинланаётган жазога қисман қўшиб, ўташ учун узил-кесил 5 йил 7 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Ҳукмдан норози тарафлар шикоят ёки протест билдиришга ҳақлилиги тушунтирилди.

Мавзуга оид