Андижон шаҳрида пиёдалар йўлидан ўтаётган буви ва унинг икки набирасини катта тезликда ҳаракатланган Malibu уриб кетди, улардан иккиси воқеа жойида жон берди. Қурбонларнинг яқинларига кўра, Malibu ҳайдовчиси худди ўзи каби катта тезликда ҳаракатланган BMW билан пойга ўйнаб келаётган бўлган. Фожиадан кейингина бу жойга светофор ўрнатилган. Тафсилотлар – Kun.uz мухбири репортажида.
25 июн куни Асака туманида яшовчи 49 ёшли Саодатхон Солиева неваралари 4 ёшли Юсуфжон Солиев ва 6 ёшли Муҳаммад Исмоил Солиевни Андижон шаҳри Амир Темур шохкўчасида пиёдалар ўтиш жойидан йўлни кесиб ўтаётган пайтда автоҳалокатга учради.
Катта тезликда ҳаракатланган Malibu уриб кетиши оқибатида буви ва невараси Юсуфжон воқеа жойида ҳалок бўлди, Муҳаммад Исмоил жарроҳлик амалиётини ўтаб шифохонада қолмоқда.

“Malibu ҳайдовчисига ҳам, BMW ҳайдовчисига ҳам чора кўрилсин”
Хондамир Солиев, марҳум боланинг отаси
— 25 июн куни 16:00 ларда онам телефон қилиб ишдан бўшаган-бўшамаганимни сўради. Ҳали ишда эканимни айтганимда, ўғилларимни боғчадан ўзи бориб олишларини айтди.
Соат 18:00 ларда уйга келдим. Болаларим одатда дарвозани югуриб келиб очишарди. Ўша куни уйда негадир ҳеч ким йўқ эди. Хавотирланиб онамга 10-15 марта телефон қилдим, олмади. Кўнглим ғаш бўлди; рўзадор, иссиқда ҳушидан кетиб қолмадимикан дея турмуш ўртоғим билан машинага ўтириб боғча йўналишига қараб кетдик.
Шаҳарга кираверишда тумонат одам тўпланган эди. Суриштирсам, икки ўғлим ва онамни Malibu юқори тезликда келиб уриб қочиб кетган экан. 60 Z 511 ZZ рақамли Malibu 60 Y 017 KB рақамли BMW автомашинаси билан пойга ўйнаб келаётган бўлган. 4 ёшли кичик ўғлим Юсуфжон билан онам воқеа жойида вафот этган. Тўнғич ўғлим Муҳаммад Исмоил жарроҳлик амалиётини ўтаб, соғ қолди.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, ўғлим Юсуфжон Malibu'нинг тагига қисилиб қолган экан. Машина уни 100 метргача судраб борган. Бечора ўғлимнинг орқа мияси очилиб, ички аъзолари ташқарига чиқиб кетибди.


















