«Уйга уй, жойга жой». Ҳовлиси бузилаётган чироқчиликларнинг талаби ана шундай
Ҳеч бир буюк давлат, ҳеч бир истиқболли жамият ишончсизлик туйғуси замирида қурилмаган. Яъни, бундай тараққиёт негизида халқ ва ҳукумат ўртасида шаффофлик ва ишонч кўприклари мустаҳкам бўлган. Буни бугун довруғи дунёга кетган давлатлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бугун тамал тоши ташланаётган Ўзбекистоннинг тарихий даврида ҳам аввалбошдан ана шу сиёсат илгари сурилди. Давлат раҳбарининг шахсан ўзи бу мавзуни қайта-қайта гапирди. Аммо ҳамма ерда ҳам бунга аҳамият берилмаётгандек, халқ ва ҳокимият ўртасидаги тушунмовчилик сабаб турли низолар, можаролар, ишончсизлик каби ҳолатлар юзага чиқиб қолмоқда. Буни қуйида тилга олинажак воқеалар ривожида ҳам кўриш мумкин.
Чироқчига йўл...
KUN.UZ таҳририятига Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманининг бир гуруҳ фуқаролари томонидан имзоланган шикоят келиб тушди. Шикоятда жорий йилнинг март ойида туман ҳокими Рустам Жўрақобиловнинг қарорига мувофиқ Чироқчи тумани, “Чироқчи” маҳалласида жойлашган тўққизта уйни бузиш ҳақида уй эгаларига огоҳлантириш хати берилгани, шундан сўнг туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Ўктам Абдураҳимов маҳалла раиси билан биргаликда уйма уй юриб, уй эгаларига таҳдид қилгани ва уйларидан чиқиб кетишларини талаб қилгани баён этилган.
Биз мазкур масалани ўрганиш мақсадида Чироқчи туманига йўл олдик. Вазиятни ўз кўзимиз билан кўришни, ҳолатга холис нуқтаи назар билан ёндашишни истадик. У ерга етиб борганимизда одамлар тўпланиб турарди...
Халқ нима дейди?
Одамлар бизни ўраб олиб, ўз дардларини айта кетишди. Кимдир уйи бузилишини истамайди, яна кимдир нотурар-жой бузилишидан норози. Бошқа биров эса уйининг баҳоланиш қийматидан қониқмаган. Баъзилар ёлғиз аёл, ораларида биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари ҳам бор.
- Менинг шароитим яхши эмас, ёшим ҳам кексайиб қолди, кам таъминланган оилалар рўйхатида турамиз, уйимиз бузилса, оилада уни бузиш-қуриш ишларига қарайдиган эркак киши йўқ, - дейди кекса ёшдаги онахонлардан бири.
- Мен ҳам ёлғиз аёлман. Уйим олдидан автомобилларнинг эҳтиёт қисмлари савдоси билан шуғилланувчи дўкон очган эдим, солиқларни ўз вақтида тўлаб келаман. Ҳоким нотурар-жойларга ҳеч қандай компенсация ҳам, ер ҳам берилмайди. Бузиб ташланглар бундай жойларни деяпти. Шу адолатданми? - дейди маҳалла фуқароларидан бири.
- Биз тараққиётга қарши эмасмиз. Майли, туманимиз обод бўлсин. Аммо биз уйларимиз ўрнига тушадиган кўп қаватли турар-жойдан бизга уй берилишини истаймиз. Бизга туман ҳокимияти томонидан ажратилган компенсация тўлови ҳам, ажратилган тўрт сотихли ер ҳам керак эмас. Бизга айнан мана шу уйдан хонадонлар берилсин, бузиладиган нотурар жой ўрнига нотурар жой берилсин. Уйларимизни бузиш ва қайта қуришга тоқатимиз етмайди. Талабимиз шу, - деди яна бир фуқаро.
Маълум бўлишича, бузилиши керак бўлган уйларнинг эгаларига март, апрель, май, июнь ойларида ҳам огоҳлантириш хати юборилган ва уйларини баҳолатиш сўралган. Аммо негадир ҳеч ким бу ишни бажармаган. Фақат тўрт хонадон ўз уйини баҳолатиб, уни бузиб, ҳокимият ажратиб берган ерда иморат солмоқда.
Ҳокимиятнинг вазиятга муносабати
Чироқчи тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари Ўктам Абдураҳимовнинг бизга берган маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёевнинг 2018 йил 28-29 январь кунлари Қашқадарё вилоятига ташрифи якунларига бағишлаб, Чироқчи туманида кенгайтирилган тарзда ўтказилган мажлис баёнининг 20-бандида Чироқчи туманида 3 та кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган. Шунга кўра, туман ҳокимининг 2018 йил 19 мартдаги Х-439/03-сонли қарорига мувофиқ Чироқчи тумани, “Чироқчи” маҳалла фуқаролар йиғини, Мустақиллик кўчасида жойлашган мазкур ҳудудда кўп қаватли уй-жойлар қурилиши белгиланган.
- Ушбу 3 та кўп қаватли уй-жойнинг қурилиши муносабати билан танланган ер майдонида мавжуд, фуқаролар ва юридик шахсларга тегишли уй-жойлар ва нотурар жой объектлари 1970 йилларда паст нархларда баҳоланган. Ҳозирги кунда уй-жойларни қайта нархлатиш бўйича аҳоли расман огоҳлантирилган бўлишига қарамасдан шу бугунгача белгиланган тартибда нархлатилмасдан келинмоқда. Бу эса юқорида қайд этилган баённоманинг тегишли банди ижро этилишини кечиктирмоқда. Юқоридагиларни инобатга олиб, мазкур уй-жойларнинг кадастр ҳужжатлари асосида қайта баҳолатиб олишга мажбур бўлмоқдамиз. Биров уйингни бузаман деса ҳеч кимга ёқмайди. Шу сабаб аҳолига енгиллик қилиш мақсадида туманнинг марказий қисмидан уларга ер ажратиб бериладиган бўлди. Мен юзма юз кўришганда ҳам одамларга уйлари бузилиши, шу сабаб тезроқ баҳолатиб келишларини айтганман.
Бундан ташқари, уйларга ажратиладиган пуллар ҳам нақд кўринишда одамларга бериладиган бўлди. Мазкур уйларнинг учтасида нотурар жой ташкил этилиб, хонадон эгалари савдо-сотиқ билан шуғулланади. Ана шу уч нафар фуқаронинг ҳам масаласини ҳал этиш учун уларни ҳокимиятга чақиртирдим. Икки нафари келди, аммо бир нафар фуқаро келмади. Қонун бўйича нотурар жойга фақат ер берилади, компенсация тўлови қилинмайди. Мен бу уч нафар фуқарога йўлнинг нариги томонидан ер ажратиб бериб, қурувчилар томонидан тегишли ёрдамлар кўрсатилишига топшириқ берган бўлсамда, аммо улар номаълум сабабларга кўра бунга ҳам рози бўлишмаяпти, - дейди ҳоким ўринбосари Ў.Абдураҳимов.
Хулоса ўрнида...
Вазият ана шундай. Биз ҳолатга юқорида айтганимиздек, холис нуқтаи назардан ёндашишни истаймиз. Халқ вакиллари ҳам ўзлари таъкидлагандек, тараққиётга қарши эмас, аммо айни вақтда уйларидан, жонажон маҳалла ва кўчаларидан кетишни исташмайди. Учрашув вақтида туман ҳокими ўринбосари одамларга мана шу жойда қуриладиган турар-жойдан хонадонлар ажратилишини, фақат хонадонларнинг етмай қолган нархини кредит эвазига тўлаб боришларини айтди. Аммо фуқаролар бунга кўнмайди. Чунки улар орасида кам таъминланганлар, боқувчисини йўқотганлар, доимий ишга ва даромад манбаига эга бўлмаганлар бор.
Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 29 майдаги 97-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра Ер участкаларини олиб қўйиш фуқароларга уй-жой майдонининг ижтимоий нормасидан кам бўлмаган бошқа тенг қийматли обод турар жойни мулк қилиб бериш билан компенсация қилинган ҳолда амалга оширилиши лозим.
Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади” деган гаплари бежизга айтилмаган. Ўйлаймизки, Чироқчи туманида юзага келган мазкур ҳолат амалдаги қонун ҳужжатлари билан бир қаторда, ижтимоий адолат ва халқнинг розилиги тамойилларига асосланган ҳолда ҳал этилади.
Сарвар Анвар ўғли,
KUN.UZ мухбири