Ўзбекистон | 20:33 / 19.07.2018
7444
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Эрон хавфсизлик идоралари раҳбарлари музокара ўтказди

Фото: irna.ir

Ўзбекистон ва Эрон хавфсизлик органлари раҳбарлари Теҳронда Афғонистон масаласида музокаралар ўтказди. Бу ҳақда 19 июль, пайшанба куни Ислом Республикаси янгиликлар агентлиги хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, миллий хавфсизлик бўйича Эрон Олий Кенгаши котиби Али Шамхани Афғонистон ва Марказий Осиёда ИШИД террорчилик гуруҳи фаолиятининг кенгайиб бораётганидан хавотир билдириб, ўз мамлакати терроризмга қарши курашдаги тажрибасини минтақанинг бошқа давлатлари билан бўлишишга тайёрлигини маълум қилган. У ўзбекистонлик ҳамкасби Виктор Маҳмудов билан суҳбат чоғида Эрон Ўзбекистон билан сиёсий, ҳарбий ва иқтисодий соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни кучайтириш истагида эканини билдирган.

Эрон расмийси президент Шавкат Мирзиёев олиб бораётган сиёсатни маъқуллаб, иккала давлат Марказий Осиё республикалари ўртасида юқори даражадаги ҳамкорлик муҳитини яратишда ишончли ҳамкор бўлиши мумкинлигини қайд этган.

«Эрон ва Ўзбекистон биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва миллий бирликка эга ҳукуматни қўллаб-қувватлаш орқали Афғонистондаги хавфсизлик ва иқтисод соҳаларида ўсишга эришиши мумкин», - дея қайд этди Шамхани.

Ўз навбатида, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов Афғонистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаш учун минтақа миқёсида жиддий чоралар кўриш зарурлигини таъкидлади.

Ҳар икки томон ҳам иқтисод, транспорт, энергетика ва хавфсизлик соҳаларида мавжуд имкониятлардан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқ эканини қайд этиб, конструктив руҳдаги муносабатларга учинчи томоннинг аралашуви бўлмаслиги кераклигига келишиб олишди.

Мавзуга оид